Янги имкониятлар ишга солинмоқда
Тошкент вилоятининг қулай иқлими, серҳосил ерлари қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама ривожлантириш имконини беради.
Тошкент вилоятининг қулай иқлими, серҳосил ерлари қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама ривожлантириш имконини беради. Шу боисдан кейинги йилларда соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш, аҳолининг томорқалардан самарали фойдаланишини таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қибрай туманида 8 та, Паркент туманида 14 та кооперация бирлашмаси ташкил этилди. Ушбу кооперацияларда жами 857 та: 820 нафар фермер ва қишлоқ хўжалиги корхонаси, 18 та қайта ишлаш корхонаси, 14 та экспортёр, 5 та тайёрловчи ташкилот пай улушлари ҳисобидан ихтиёрий бирлашган. Уларга 15 минг 754 гектар ер майдони бириктирилган. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра кооперациялар томонидан 55 минг 832 тонна маҳсулот етиштирилди.
Бугунги кунда вилоятнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларида фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи 5 806 та корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда 50 минг 103 нафар киши меҳнат қилмоқда. Вилоятдаги 135 нафар экспортёр томонидан хорижий мамлакатларга 104 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 262 минг 54 тоннага тенг бўлган 92 та қайта ишлаш корхонаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланмаслик, ерга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Бу ҳақда гап кетганда, вилоятнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 8 та туманида ўтказилган хатловда 23 минг 703 гектар боғ майдонидан 3 минг 704 гектари, 12 минг 915 гектар токзордан 389 гектари самарасиз эканлигини таъкидлаш жоиз.
Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида келгуси йилда самарасиз қишлоқ хўжалик ерлари ўрнига боғзорлар, токзорлар ташкил этиш, сабзавот, полиз, дуккакли ҳамда мойли экинлар экиш режалаштирилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 416 миллиард 21 миллион маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Келгуси йилда маҳсулот етиштиришни янада кўпайтириш мақсадида 7 минг 323 нафар фермер хўжалиги 98 та экспортёр ва маҳсулотни қайта ишловчи корхонага бириктирилди. Улар 238 минг 952 тонна маҳсулот етиштиришни режалаштирган. Албатта, юқоридаги каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг долзарб вазифаларидан ҳисобланади. Булардан кўзда тутилган мақсад соҳани янада ривожлантириш, эл-юрт фаровонлигини таъминлаш ва аҳолининг даромадини оширишдан иборатдир.