Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Туркманистон
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари қардош давлат етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлиқ, янги муваффақиятлар тилади.
Мулоқот давомида Ўзбекистон – Туркманистон дўстлиги, яхши қўшничилик ва стратегик шериклигини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти ва халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик куни билан табриклади.

Покистон – БМТ
Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига борди.
У 25 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, минтақавий ва глобал хавфсизлик масаласи, тинчлик ва дипломатик мулоқотнинг аҳамияти, иқлим ўзгариши, терроризмга қарши кураш, исломофобия ҳамда жаҳон иқтисодиёти билан боғлиқ муаммоларга мамлакати ёндашувини баён қилади. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида қатор юқори даражадаги учрашувларда иштирок этиб, турли давлатлар раҳбарлари ва БМТ Бош котиби билан икки томонлама музокара ўтказади.

Туркия – Вьетнам
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Вьетнам Президенти То Лам билан Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси доирасида учрашди. Мулоқот чоғи савдо ва мудофаа саноати соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи кўтарилди. Ўзаро муносабатни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш бўйича иш давом этаётгани таъкидланди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилиб, То Лам Туркияда бўлиб ўтадиган COP-31 саммитига таклиф қилинди.

Покистон – Эрон
Покистон Ички ишлар вазири Муҳсин Нақвий Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашди. Суҳбат давомида савдо, туризм, илм-фан, энергетика ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ўзаро муносабатни янада ривожлантириш, қўшма сармояни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Франция – Украина
Франция Президенти Эммануэль Макрон Украина раҳбари Владимир Зеленский билан учрашди. Етакчилар Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига берган зарбалари, мамлакатни қиш мавсумига тайёрлаш ва ҳаво мудофааси салоҳиятини кучайтириш масалаларини муҳокама қилган.
Украинага радар ва ҳаво нишонини тутиб қолувчи ракета етказиб бериш, Киевни энергетика соҳасида қўллаб-қувватлашни кучайтириш мавзулари ҳам кўтарилди. Шунингдек, энергетика соҳасида сулҳ ўрнатиш ва Қора денгизда мораторий жорий этиш истиқболи ҳам муҳокама қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА