Янги авлод журналистлари
Бугун медиамайдон ижтимоий ҳаётимизнинг шунчаки бир қисми эмас, балки унинг уриб турган юрагига айланган. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси эрталабки уйғонишдан тортиб куннинг якунигача ўз қизиқиши доирасида турли контентлардан фаол фойдаланади. Ахборот оқими шиддатли тус олган ХХI асрда телерадиожурналистика, босма нашрлар, интернет журналистикаси, блогерлик, ижтимоий медиа маркетинги, мобилография ҳамда матбуот хизматлари яхлит бир тизим сифатида намоён бўлмоқда.
Жаҳон ахборот майдони жадал тараққиёт босқичига чиққан бугунги даврда аудитория эътиборини жалб қилиш борасидаги рақобат ҳар қачонгидан ҳам кучайди. Бу эса ўз-ўзидан замон талабларига жавоб бера оладиган, энг сўнгги технологияларни мукаммал эгаллаган, тезкор ва креатив фикрлайдиган бўлажак журналистларни тайёрлаш масаласини кун тартибига қўймоқда. Ёшларга сифатли таълим бериш, назарий ва амалий билимларни уйғунликда олиб бориш давр тақозосидир.
Айни шу муҳим вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб белгилаган Бухоро давлат университети мана беш йилдирки, салоҳиятли ва рақобарбардош журналист кадрларни етиштириб чиқариш билан машғул.
[gallery-30113]
Маълумки, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб университетда мутлақо янги йўналишлар — “Босма оммавий ахборот воситалари” ҳамда “Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар” бакалавриат таълим йўналишлари очилган эди. Ўқув жараёни мамлакатимизда ушбу соҳа байроқдори ҳисобланган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети олимлари томонидан яратилган илғор ўқув режалари ва фан дастурлари асосида тизимли равишда ташкил этилган. Филология факультети ўзбек тилшунослиги ва журналистика кафедраси профессор-ўқитувчилари айни пайтда 300 га яқин бўлғуси журналистларга соҳа илмидан сабоқ бериб келмоқда.
Университетда талабаларнинг журналистик амалиётига алоҳида эътибор қаратилган. Талабалар бутун семестр давомида асосий ўқишдан бўш вақтида вилоят, шаҳар ва туман газеталари, радио ҳамда телевидение, шунингдек, турли вазирлик ва ташкилотларнинг матбуот марказлари фаолиятида бевосита иштирок этади. Улар шунчаки кузатувчи эмас, балки ўз мақоласи, кўрсатув ва эшиттиришлари билан чиқишлар қилиб борадиган ижодкор сифатида шаклланади.
Журналистика ўта тез ривожланиб бораётган мураккаб соҳа бўлганлиги сабабли, университетда бўлажак мутахассисларга инглиз ва рус тиллари мукаммал даражада ўргатиб келинмоқда. Бу эса талабаларга халқаро ОАВ тажрибасини ўрганиш ва жаҳон ахборот маконига дадил кириб бориш имконини бермоқда.
Шунингдек, кафедра ҳузурида ташкил этилган “Журналистикага илк қадам” номли махсус тўгарак аъзолари ҳамда унинг негизида ўзининг самарали фаолиятини олиб бораётган “Медиа-импульс” жамоаси нафақат факультет, университет ҳаётига оид хабар ва янгиликлар, балки вилоят миқёсидаги долзарб мавзуларни ҳам ёритиб бораётир.
Бухоро давлат университетида шаклланган ушбу таълим йўналиши яқин йилларда мамлакатимиз медиамаконида ўз сўзи, ўз овози ва ўз принципига эга бўлган профессионал журналистлар корпусини шакллантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, ҳақиқат ва сифатли контент ортидан қувиб чарчамайдиган ёшлар миллатнинг кўзгусидир.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА