Yandex Maps иловасида учта шаҳарнинг батафсил йўл харитаси пайдо бўлди
Иловада Тошкент, Андижон ва Наманган шаҳарларининг йўл хариталари янгиланди.
Харитада ҳаракатланиш ва йўл чизиқлари, чиқиш йўлаклари ва хавфсиз тўхташ жойлари кўрсатилган.
Янги форматнинг асосий фарқли жиҳати унинг батафсиллигида. Оддий навигация “қаерга бориш” керак, деган саволга жавоб берса, янги харитада муайян ҳудуддан қандай ўтиш мумкинлиги кўрсатилган .
«Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари қиёфаси тез ўзгармоқда: йўл инфратузилмаси ривожланиб, янги йўллар, кўприклар, ер ости йўллари, йўл ўтказгичлар ва мураккаб йўл туташувлари пайдо бўлмоқда. Бу ўзгаришлар электрон хариталарда акс эттирилган бўлиши керак. Ўзбекистон Yandex Maps хариталарида бир вақтнинг ўзида учта шаҳар йўл ҳаракати ҳақида батафсил маълумотни ўз ичига олган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлди. Келгусида республиканинг бошқа шаҳарларининг ҳам шундай батавсил хариталар пайдо бўлади», — дейди Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров.
Янги формат Тошкент кўчаларида тўлиқ ишламоқда. Андижон ва Наманганда эса ҳозирда марказий туман ва асосий магистрал йўлларидагина бу харитадан фойдаланиш мумкин.
Ушбу янгиликни тадбиқ этиш мақсадида Yandex Maps жамоаси томонидан учта шаҳарда 2760 километрлик йўллар рақамлаштирилди. Харитани тузишда сунъий йўлдош тасвирлари, панорамалар ва ҳудуд фотосуратларидан фойдаланилди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА