Яир Лапид Исроил бош вазири бўлди
Исроилнинг "Еш Атид" партияси раҳбари Яир Лапид пайшанба куни ярим тунда расман мамлакат бош вазири вазифасини бажаришга киришди, деб хабар берди “Кан” давлат радиоси. Шундай қилиб, Лапид Исроил тарихидаги 14 чи бош вазир ҳисобланади.
Бош вазир канцелярияси ярим тунда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига вазирлар маҳкамасининг янги раҳбари расмини жойлаштирди. Сурат тагига “Исроилнинг янги бош вазири – Яир Лапид”, – деб ёзилган.
Бир кун аввал Исроил Кнессети (парламент) бир неча кунлик муҳокамалардан кейин ўзини ўзи тарқатиб юбориш ҳақидаги қонун лойиҳасини тасдиқлаган эди. Шу куни бош вазирликни бажариб келаётган Нафтали Беннет лавозимини Яир Лапидга топширди.