Йўлларимиз янада равон бўлади
Транспорт коммуникациялари тизимини янада такомиллаштириш Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Ушбу тизимда асосий ўрин эгаллаган автомобиль йўллари орқали иқтисодиёт тармоқлари юкларининг 90 ва жами йўловчиларнинг 98 фоизи ташилади.
Транспорт коммуникациялари тизимини янада такомиллаштириш Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Ушбу тизимда асосий ўрин эгаллаган автомобиль йўллари орқали иқтисодиёт тармоқлари юкларининг 90 ва жами йўловчиларнинг 98 фоизи ташилади.Шу муносабат билан автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш ва улардан фойдаланиш муддатини узайтириш вазифасини ҳал этиш долзарб масала бўлиб қолмоқда. 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи ва маҳаллий аҳамиятга эга 2,7 минг километр автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш ишларини изчил давом эттириш кўзда тутилган.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ривожлантириш дастури амалга оширилиши самарасида бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ўртасида кечаю кундуз ишончли транспорт қатнови таъминланаётир, юк ва йўловчиларни қўшни давлатлар ҳудудига кирмасдан ташиш учун шароит яратилмоқда, юкларни транзит қилиш ҳажми сезиларли равишда кўпаймоқда.
Жаҳон амалиётида иқлимнинг кескин ўзгариши шароитига мўлжалланган асфальт-бетон қопламалари яратиш учун битум таркибига полимер ва бошқа органик ҳамда минерал материаллардан қўшимча киритиш орқали йўл қопламаларининг иссиқлик ва ёрилишга чидамлилигини ошириш усулидан фойдаланилмоқда. Бу материалларнинг таркибий-механик хусусиятларини тартибга солиш имконини бераётир.
Резина қўлланилган асфальт-бетон қопламасидан фойдаланиш жараёнида унинг хизмат муддати узайиши аниқланган.
Айни пайтда, айниқса, шаҳар чорраҳалари ва баланд тоғ участкаларида йўлларни қоплаш учун фойдаланилаётган асфальт-бетон композициялари етарлича мустаҳкам эмас ва тез ишдан чиқмоқда.
Шу боис маҳаллий ва иккиламчи органик ҳамда ноорганик хомашёдан тайёрланган қўшимчалар асосида битум композициясининг мумсимон бирикувчан таркибини яратиш, уни қўллаган ҳолда таркибида шағал-мум бўлган асфальт-бетон тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Мамлакатимиз олимлари, жумладан, “Фан ва тараққиёт” давлат унитар корхонаси мутахассислари ушбу вазифани мувафақиятли бажармоқда. Илмий тадқиқотлар давомида экстремал шароитларда фойдаланиладиган бетон йўллар уланган жойлар ва асфальт-бетон ётқизилган йўлларнинг ёриқларини зичлаш учун композицион материаллар ишлаб чиқариш бўйича самарали технология яратиш имконияти аниқланди. Битум ва госсипол смоласи таркибини гидролиз лигнин, резина майдаси, иккиламчи полиэтилен ва поливинилхлорид каби турли қўшимчалар ёрдамида кимёвий-физикавий ўзгартириш орқали уларнинг юмшаш ҳароратини 40-5000С дан 70-8000С гача оширишга эришилди. Мамлакатимиздаги нефтни қайта ишлаш заводларида қарийб 140 минг тонна битум ишлаб чиқарилади ва бу автомобиль йўллари бунёд этиш учун етарли эмас.
Шу боис ўз хусусиятига кўра асфальт-бетон аралашмасини тайёрлашда қўлланиладиган битумга ўхшаш янги органик материаллар яратиш бўйича изланишлар олиб бориш зарурати пайдо бўлди. Ана шу мақсадда Андижон, Каттақўрғон, Қўқон ва Янгийўл ёғ-мой комбинатларининг иккиламчи маҳсулотлари, айниқса, госсипол смоласидан фойдаланиш имконияти ўрганиб чиқилди.
Ўтказилган тадқиқотлар самарасида Андижон ёғ-мой комбинатининг госсипол смоласи физикавий-механик хусусияти бўйича асфальт-бетон ётқизилган йўлларга мўлжалланган самарали композиция материаллари ишлаб чиқариш учун мос келиши аниқланди.
Шу йилнинг май ойида бўлиб ўтган VIII Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида “Фан ва тараққиёт” давлат унитар корхонаси маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш чиқиндиларидан органик ҳамда ноорганик қўшимчалар асосида тайёрланган композицион асфальт-бетон намунасини намойиш қилди.
Экстремал шароитларда фойдаланиладиган бетон йўллар уланган жойлар ва асфальт-бетон ётқизилган йўл ҳамда кўприклар ёриқларини зичлаш учун композиция материаллари ишлаб чиқаришнинг самарали технологиясини яратиш бўйича олиб борилган илмий изланишлар самарасида маҳаллий хомашё ресурсларидан ушбу мақсадларда фойдаланиш, Ўзбекистон йўл тизимини янада такомиллаштириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш имконияти аниқланди.
Мухтасар айтганда, мазкур йўналишда олиб борилаётган изланишлар мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ва унинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Р.Солиев,
“Фан ва тараққиёт” давлат
унитар корхонаси
катта илмий ходими.