XXII маданий анъаналар ва миллий таомлар хайрия фестивали бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик сервис хизмати томонидан анъанавий XXII маданий анъаналар ва миллий таомлар хайрия фестивали ташкил этилди. Турли мамлакат дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилот ва миллий маданият марказлари иштирок этган тадбир маданий мулоқот, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи йирик халқаро майдонга айланди.
Анжуманда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 25 дан зиёд хорижий жамоа, жумладан Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Хитой, Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Фаластин, Руминия, Индонезия, Тожикистон дипломатик ваколатхоналари, БМТ, ШҲТ МАТТ, шунингдек қатор миллий маданият марказлари ўз миллий таомлари, анъаналари ва маданий дастурларини намойиш қилди.
Тадбир очилишида ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев мазкур фестиваль йиллар давомида халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий мулоқотни мустаҳкамлаб келаётганини таъкидлади.
– Бугунги фестиваль нафақат турли давлатларнинг миллий таомлари ва бой маданий меросини намойиш этади, балки эзгулик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғояларини ҳам кенг тарғиб қилади, – деди вазир ўринбосари. – Айниқса, йиғилаётган маблағ онкологик касалликларга чалинган ҳамда имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши анжуманнинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади.
Шунингдек у мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик, яхши қўшничилик ва халқаро ҳамкорлик тамойилига асосланган ташқи сиёсат изчил амалга оширилаётганини қайд этди.
Тадбирда сўз олган Дипломатик сервис хизмати департаменти бош директори Ойбек Иганбердиев фестиваль йиллар давомида дипломатик корпус ва мамлакат жамоатчилиги ўртасидаги очиқ маданий мулоқот майдонига айланганига эътибор қаратди.
– Мақсадимиз маданий мулоқотни ривожлантириш баробарида меҳр-оқибат, эзгулик ва инсонпарварлик туйғуларини улуғлаш, – деди у. – Бугунги фестиваль халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фестиваль доирасида миллий таомлар кўргазмаси, маданий чиқишлар, халқ амалий санъати намойиши ва хайрия савдоси ташкил этилди. Меҳмонлар турли халқларнинг миллий ошхонаси, либослари ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Қозоғистон элчихонаси дипломати рафиқаси Элмира Кийикова ўз таассуроти билан ўртоқлашди:
– Бугун жуда муҳим маданий тадбир бўлиб ўтяпти. Биз – Қозоғистон элчихонаси ходимлари ушбу байрамда кетма-кет йигирма иккинчи бор қатнашяпмиз. Миллий таомларимиз – беш бармоқ, манти, қувирдоқ, жент, толқон ва турли ширинликлар тақдим қилдик. Шунингдек, миллий либосларда суратга тушиш мумкин бўлган махсус фото ҳудуд ташкил этдик. Шу тариқа Тошкент аҳолиси ва меҳмонларини Қозоғистон маданияти, тарихи ва анъаналари билан таништиришни истаймиз.
Элмира хоним хайрия мавзусига ҳам алоҳида тўхталди:
– Бу ерда йиғилган маблағ тўлиқ хайрияга йўналтирилади. Кам таъминланган оилалар, етим болалар, пенсионерлар ва ногиронларни қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз. Бу ўзига хос инсонпарварлик тадбиридир.
Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников ҳам фестиваль ҳақида фикр билдирди:
– Ажойиб тадбир. Мен бутун элчихона жамоаси билан иккинчи марта иштирок этяпман. Энг асосийси – хайрия ғояси. Инсон қалбидаги кимгадир ёрдам бериш истаги жуда муҳим. Бугун ҳамма байрамона кайфиятда, биргаликда эзгу ишга қўл урилганини яхши англаб турибди.
Унинг таъкидлашича, фестиваль халқларни бир-бирига янада яқинлаштиради.
– Бу ерга одамлар бошқа миллатлар маданияти, либослари ва миллий таомлари билан танишиш учун оиласи билан келади, – дейди Огородников. – Менимча, одамлар айнан дастурхон атрофида бир-бирини яхшироқ тушунади. Беларусь ва Ўзбекистон халқлари ўртасида ҳам қадриятлар, масалан оила, меҳнат, фарзанд тарбияси каби умумий тушунчалар жуда ўхшаш.
[gallery-29606]
Тадбирда “Diplomatic Kids International Talent” лойиҳаси доирасида турли мамлакатлар фарзандлари иштирокида ижодий чиқишлар ҳам намойиш этилди. Ташкилотчилар таъкидлашича, мазкур ташаббус ёш авлод қалбида тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, анжуманда “Умрбоқий мерос” маданият ва санъатини тарғиб қилиш маркази илмий маслаҳатчиси, ЮНЕСКО номоддий маданий мерос бўйича халқаро эксперти Алишер Икромов, Ўзбекистон Давлат табиат музейи бўлим мудири, ЮНЕСКО номоддий маданий мерос бўйича миллий эксперти Гулора Абдуллаева, миллий ва халқаро маданий тадбирлар ташкил этиш бўйича эксперт Чори Шодиев, “Умрбоқий мерос” маркази директори Лутфия Мирзаева, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси бош технологи Толибжон Умаралиев, уста ошпаз Назира Араматова ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси вакилларидан иборат махсус ҳакамлар ҳайъати ҳам фаолият олиб борди.
Дилшод Ҳакимов,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА