WoMAU делегацияси Ўзбекистонда
Шу кунларда Самарқандда ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли анжуман Самарқанд шаҳрида ўтаётгани минтақанинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни ва аҳамиятини яққол намоён этмоқда.
Куни кеча мазкур анжуманда иштирок этиш учун юртимизга Бутунжаҳон жанг санъатлари иттифоқи (WoMAU) делегацияси ташриф буюрди.
Айтиш лозим, Самарқандда давом этаётган ЮНEСКО Бош конференцияси доирасидаги маданий тадбирларда иштирок этадиган Бутунжаҳон жанг санъатлари иттифоқи (WoMAU)га 26 мамлакатнинг 28 та ташкилоти аъзо ҳисобланади.
Тинчлик, адолат ва инсоний қадриятларни маданий мерос сифатида тарғиб этиб келаётган WoMAU 2009 йилдан ЮНEСКОнинг расмий ҳамкори, 2010 йилдан эса номоддий маданий меросни асраш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг маслаҳатчи ташкилоти мақомини олган.
2011 йилда эса Жанубий Корея ҳукумати билан ҳамкорликда Халқаро жанг санъатлари маркази ташкил этилган бўлиб, у ЮНEСКОнинг 2-тоифа институти сифатида фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда WoMAU ЮНEСКО билан ҳамкорликда анъанавий жанг санъатларини асраш, уларни жаҳон миқёсида тарғиб қилиш ҳамда маданий алмашинувни кучайтириш йўлида фаол иш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, ЮНEСКО сессиясида 190 мамлакатдан 2800 дан ортиқ делегатлар иштирок этмоқда. Дастур доирасида 150 дан ортиқ халқаро учрашув, маданий ва маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Т.Рўзиев,
ЎзА