Волейболчиларимиз бугун Исломободда Покистон жамоаси билан куч синашади
Бугун, 26 июль куни Исломобод шаҳрида волейбол бўйича эркаклар ўртасида давом этаётган Марказий Осиё чемпионатининг навбатдаги тўртинчи кунги баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси мезбон жамоа Покистон терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Айтиш лозимки, ортда қолган 3 та тур ўйинларидан сўнг мамлакатимиз волейболчи йигитлари 2 та ғалаба, 1 та мағлубият эвазига турнир жадвалининг 2-поғонасини банд этиб турибди.
Ўтказилган ўйинлар сарҳисобига кўра, маҳоратли волейболчиларимиздан Исломжон Собиров 73 очко билан Марказий Осиё чемпионатининг энг сермаҳсул ўйинчилари рўйхатида 1-ўринни эгаллаб турибди. Айнан унинг самарали ўйини терма жамоамизнинг муваффақиятларида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 29 июлга қадар давом этадиган чемпионатда бир кун муқаддам Шри-Ланкага қарши ўйинда ҳамюртларимиз рақибларини 3:1 ҳисобида доғда қолдирганди.
Т.Рўзиев, ЎзА