Волейболчилар Ўзбекистон кубоги учун курашмоқда
Бугун, 8 октябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” ва Юнусобод туманидаги волейбол спорт мажмуасида аёллар ҳамда эркаклар жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги баҳслари бошланди.
Кеча Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев, бош котиб Фарҳод Алимов, жамоаларнинг раҳбарлари, мураббий ва ҳакамлар иштирокида кубок мусобақалари олдидан қуръа ташлаш маросими, техник қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Қуръа натижаларига кўра, эркаклар жамоалари ўртасидаги мусобақалар “Олимпия шаҳарчаси”да, аёллар ўртасидаги ўйинлар Юнусобод туманидаги 1-сон спорт мактаби волейбол залида ўтказилиши белгиланди.
Бугун “Олимпия шаҳарчаси” волейбол залидаги дастлабки тур ўйинларида Хоразм жамоаси “Афросиёб” волейболчиларини 3:0, “Xumo” вакиллари “Road Patrul” волейболчиларини 3:1, "SamDPI” жамоаси “NamDU”ни 3:0, "NamDTU” жамоаси Тошкент вакилларини 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
Мамлакат кубоги мусобақалари 14 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА