Волейболчи қизлар Самарқандда куч синашди
Самарқандда волейбол бўйича қизлар ўртасида U-15 “Самарқанд Опен – 2026” халқаро турнири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада мамлакатимиз ҳудудларидан келган волейболчи қизлар билан бирга Тожикистон ва Қозоғистон терма жамоалари ҳам иштирок этди.

Қизғин ва муросасиз баҳслар якунига кўра, Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани қизлари жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги совринли ўринлар ушбу вилоятнинг яна бир тумани – тойлоқлик қизлар ва қўшни Қозоғистон жамоаларига насиб этди.

Ғолиб ва совриндор жамоалар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Қайд этилишича, мазкур халқаро турнир ёш волейболчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун имконият яратиб, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик вазифасини ўтади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА