“Волейбол шамоли” билан яшаётганлар
Юртимизда волейболга бўлган қизиқиш юқорилигини оммавий спорт мусобақалари ҳамда расмий чемпионатлар ҳам кўрсатиб турибди.
Жорий йилнинг спорт мусобақалари тақвим режасига биноан Самарқанд, Наманган, Сирдарё, Фарғона ва Бухоро вилоятларида волейбол бўйича турли ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатларининг 5 та тур ўйинлари бўлиб ўтди.
Айни кунларда Урганчда аёллар ўртасидаги 29-Ўзбекистон чемпионатининг 2-тур ҳамда фахрий аёллар ўртасидаги мамлакат биринчилигининг 1-тур ўйинлари давом этаётгани Ўзбекистон волейбол федерацияси вакиллари йил ўн икки ой “волейбол шамоли” билан яшаётганлигидан далолатдир.

Эътиборлиси, Хоразм вилояти марказида ўтаётган мазкур мусобақаларда Осиё волейбол конфедерацияси томонидан халқаро менежерлик семинари ҳам ташкил этилмоқда. Унда қитъадаги 7 та давлат ҳамда юртимизнинг ёш ва изланувчан волейбол мутахассислари халқаро сертификат олиш учун машғулотларда қатнашмоқда.
Осиё волейбол конфедерацияси ижрочи директори Шанрит Вонгпрасерт бошчилигидаги мутахассислар менежерлик курс машғулотларини ўташ билан бирга, Ўзбекистон чемпионати баҳсларини ҳам кузатиб боришмоқда.

– Ҳақиқатан, 2022 йилнинг илк кунларидан бошлаб катта дастур ва тиғиз чемпионатлар режасига биноан иш олиб бормоқдамиз. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистон волейбол тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Қачонки, мусобақалар, турнирлар, семинар ва ўқув-машғулотлар тизимини дастур асосида кетма-кетлигини таъминласак, спортчиларда мусобақа кўникмаси, мутахассисларда тажриба захираси бойийди. Халқаро мусобақалардаги иштирокимиз шунга яраша юксалади. Осиё волейбол конфедерацияси мутасаддилари Покистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Камбоджа каби 7 та давлат волейбол мутахассислари учун менежерлик курсларини Ўзбекистонда, хусусан Хоразмда ташкил этилаётгани ишимиз ривожига, волейбол тренерлари малакаси ошишига хизмат қилади, – деди Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев.
Урганчда давом этаётган чемпионат ўйинлари 6 мартга қадар давом этади. Халқаро менежерлик машғулотлари эса 4 март куни якунланади. Шундан кейин қитъа волейбол мутахассислари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳри волейбол мутахассислари учун ҳам семинарлар ташкил этиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг июнь ойида пойтахтимизда 17 ёшгача бўлганлар ўртасида илк бор Тошкентда ўтадиган қитъа чемпионати учун белгиланган спорт мажмуалари, меҳмонхоналар ва бошқа мажмуалардаги шарт-шароитлар билан ҳам танишиши кутилмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА