Витебск вилояти билан ҳамкорлик ривожланади
Ўзбекистонлик тадбиркорлар Беларуснинг Витебск вилоятига амалга оширган ташриф ўзаро ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очди. Сафар давомида истиқболли сармоя ва бизнес имконияти муҳокама этилди, аниқ режалар белгиланди.
Учрашувлар натижасида икки томонлама ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Ҳамюртларимиз маҳаллий ижроия қўмита раҳбарияти билан музокара ўтказиб, қатор истиқболли йўналишларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, ташриф давомида ўрганилган чорвачилик мажмуаларидан самарали фойдаланиш имконияти, келгусида қўлланиши кутилаётган солиқ имтиёзи, миграцияга оид енгиллик ва бошқа муҳим шарт-шароитлар атрофлича кўриб чиқилди.
Ташриф якунида томонлар қўшма фаолият бошлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқдилар. Тез орада тегишли ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш ва амалий ишга киришиш кўзда тутилган. Шунингдек, ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА