Вилоят ҳокими томорқа эгасини тақдирлади
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов Қоракўл туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги тадбирлари билан танишди.
Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов Қоракўл туманида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги тадбирлари билан танишди.
Жорий йил туманда 224 та фермер хўжаликлари 10 минг 400 гектар майдонга чигит экиб, 29 минг 172 тонна пахта ҳосилини олишдек улкан мақсад кўзланмоқда.
Вилоят раҳбари тумандаги “Зиёрат”, “Маллаишайх”, “Қоракўл”, “Жиғачи” ҳудудларида 2020 йилги пахта мавсуми учун чигит экиладиган майдонларда олиб борилаётган агротехник тадбирларнинг ҳолатини кўздан кечирди. Аграр соҳада баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, омилкор деҳқонларимиз қандай юмушларни бажариши зарурлиги борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди. Хусусан, ерларни ўз вақтида экишга тайёрлаш, чигит экиш бўйича белгиланган графикда ишларни жадаллаштириш кераклиги таъкидланди. Табиат инжиқликлари билан курашларда тобланган тажрибали деҳқонларимиз вужудга келган вазиятни туғри қабул қилган ҳолда, ўтаётган ҳар бир кунни қадрлаб, ундан унумли фойдаланишларига ишонч билдирди.
Туманда 28 минг 413 нафар деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаси 4958 гектар унумдор экин майдонида меҳнат қилмоқда.
К.Камолов аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган тарғибот тадбирлари ва уларнинг натижадорлиги билан ҳам танишди. “Жиғачи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Абдулло Раззоқов хонадонида ҳам бўлди.
Оила вакиллари ўз томорқасидан унумли фойдаланиб бир йилда уч марта ҳосил олишни йўлга қўйганлигига гувоҳ бўлди. Томорқада экилган тўқсонбости ва сабзавот экинлари ҳолатини кўрди. Тўқсонбости ва эртаги экинлардан бўшайдиган томорқа ерларига май-июнь ойларида такрорий сабзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинларини экишни мақсад қилган томорқа эгасининг меҳнатини тақдирлади. Ишларини оммалаштириш бўйича топшириқлар берди.