Вилоят ҳокими хориждаги навоийлик ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов хорижий давлатларда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган навоийлик ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди.
Эркин, расмиятчиликдан холи ва самимий руҳда кечган суҳбатда Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Жанубий Корея, Австралия, Россия каби дунёнинг 10 дан ортиқ давлатидан 70 нафарга яқин навоийлик ёшлар иштирок этди.

Мулоқот давомида хорижда таҳсил олаётган ёшлар таълим жараёни, эришган ютуқлари ва халқаро тажрибалари ҳақида сўз юритдилар. Меҳнат фаолиятини хорижда олиб бораётган ёшлар эса иш ва яшаш шароитлари, мавжуд имкониятлар ҳамда дуч келаётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Шунингдек, ёшлар вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, хорижда орттирилаётган билим ва тажрибани юрт тараққиётига йўналтириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурдилар.

Вилоят ҳокими ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглаб, улар билан очиқ ва самимий суҳбатлашди. Билдирилган мурожаатлар ҳамда кўтарилган масалаларни ўрганиш, зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, хориждаги навоийлик ёшлар билан 24/7 форматида доимий алоқада бўлиб туриш, уларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббусларини тезкор қабул қилиш ҳамда зарур кўмак кўрсатиш имконини берадиган махсус дастур ишлаб чиқиш вазифаси ҳам масъуллар олдига қўйилди. Бу орқали ҳар бир ёш қаерда бўлишидан қатъи назар, ўз юрти билан доимий алоқада бўлиши ва зарур масалаларда мурожаат қилиши мумкин бўлади.
Мулоқотда хорижда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган навоийлик ёшларнинг билим ва салоҳиятидан вилоят ривожи йўлида самарали фойдаланиш, уларнинг истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, юрт билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Қаерда бўлмасин, навоийлик ёшлар билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларига ечим топиш ҳамда вилоят ҳаётидаги жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.
ЎзА