VI халқаро бирдамлик мусобақаси бошланди
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича VI халқаро бирдамлик мусобақаси бошланди.
“Ўзбекистон” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича VI халқаро бирдамлик мусобақаси бошланди.
Токио Олимпиадасига қимматли рейтинг очколарини тақдим этувчи мазкур мусобақа Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Оғир атлетика федерацияси томонидан Осиё оғир атлетика федерацияси ва Халқаро оғир атлетика федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда дунёнинг 62 давлатидан 350 нафарга яқин атлетлар иштирок этмоқда.
Очилиш маросимида сўнгги йилларда оғир атлетикачиларимиз бирорта нуфузли халқаро мусобақадан медалсиз қайтмаётгани, уларнинг эришаётган натижалари эса ёш авлодга ўрнак бўлаётгани таъкидланди.
– Олимпиада олдидан ғоят муҳим спорт анжуманини ўтказиш ҳуқуқи Ўзбекистонга берилгани бежиз эмас, – дейди Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти вазифасини бажарувчи Урсула Гарса Папандреа (АҚШ). – Мамлакатингизда спортни ривожлантириш учун яратилган шароит ва кенг имкониятлар, халқингизнинг меҳмондўстлиги халқаро спорт жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Ўзбекистонда ҳар қандай йирик мусобақани юқори савияда ташкил этиш учун етарли шароит борлиги бизни янада қувонтиради.
Халқаро бирдамлик мусобақасида мамлакатимиз шарафини Адҳамжон Эргашев, Акбар Жўраев, Муаттар Набиева каби йигирмага яқин оғир атлетикачиларимиз ҳимоя қилмоқда.
Мамлакатимиз спортчилари, мураббий ва мутахассислар 2020 йил Японияда бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлди.