Венгрияда Ўзбекистон мадҳияси янгради
Венгриянинг Будапешт шаҳрида спорт курашлари бўйича "Париж-2024" Олимпия ўйинларига халқаро рейтинг очколарини тақдим этадиган нуфузли турнирнинг яна бир куни ортда қолди.
Унда иштирок этаётган эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Разамбек Жамалов олтин медалга сазовор бўлди.
-74 килограмм вазн тоифасида курашган терма жамоамиз аъзоси дастлабки даврада Венесуэла, чорак финалда Грузия, ярим финалда Эрон ва финалда Венгрия вакилларини мағлуб этди. Ушбу вазнда кураш олиб борган ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов ярим финал остонасида мусобақадаги иштирокини якунлади.

Бугун, 8 июнь куни ўтадиган навбатдаги кунги баҳсларда -68 килограмм вазн тоифасида гиламга чиқадиган ҳамюртларимиздан Феруза Эсенбаева илк босқичда туркиялик Бусе Чавасоглу билан рўбарў келади.
Мусобақалар 9 июнга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА