Велотрекчилар Ўзбекистон кубогида куч синашмоқда
Наманган шаҳридаги велотрек мажмуасида велоспортнинг трек йўналиши бўйича катталар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси бошланди.
Мусобақанинг илк кунида иштирокчилар яккалик ва скретч пойгаларида ғолиблик учун ўзаро рақобатлашди. Эркаклар ўртасидаги 4 км. масофага ўтган яккалик пойгасида Алимардон Жамолдинов, Константин Элли ва Давиржон Абдураҳмонов шоҳсупага кўтарилди. Ушбу йўналишда аёллар 3 км. масофада куч синашиб, унда Евгения Голотина, Самира Исмоилова ҳамда Асал Ризаевалар ғолиб ва совриндорларга айланди.

45 айланадан иборат бўлган скретч гуруҳ пойгасида Артёмий Шербаков олтин медалга сазовор бўлди. Аёллар ўртасида 24 айланалик скретч гуруҳ пойгасида Нафосат Қўзиевага тенг келадигани топилмади.
Бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистон кубоги доирасида эркаклар ва аёллар ўртасида чиқариб юбориш гуруҳ пойгаси ҳамда 4 км. масофага жамоавий пойга йўналишлари бўйича баҳслар бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА