Велоспорт: Ўзбекистон кубоги қизғин паллада
Тошкент вилоятида велоспорт бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон кубогининг иккинчи босқичида шоссе йўналиши аралаш гуруҳ эстафетаси ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Мазкур мусобақада аёллар ва эркаклар гуруҳининг ҳар бири 20 километр масофага рақобатлашди. Унда Мадина Қаҳҳорова, Асал Ризаева, Анна Кускова, Даниил Федоров, Фаррух Бобошеров ва Максим Мингазитдиновдан ташкил топган Тошкент шаҳри жамоаси маррага биринчи бўлиб етиб келди. Шунингдек, пойгада Тошкент ва Сирдарё вилоятлари жамоалари иккинчи ҳамда учинчи поғонадан жой олди.
Ўзбекистон кубогининг бугунги баҳсларида “IRR” пойгалари ўтказилади. Унда эркаклар 120, аёллар эса 80 км масофага рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири