Вазир ўринбосари ургутликларнинг тиббиёт билан боғлиқ мурожаатларини тинглади
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Жалолиддин Асамутдинов ҳамда соҳа масъуллари Ургут туманининг Баҳрин маҳалласидаги 21-оилавий поликлиникада аҳоли учун сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда фуқаролар соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ муаммолар, саломатликларини тиклашдаги баъзи камчиликлар хусусида масъулларга мурожаат қилиб, ижобий ечим сўради.
Хусусан, туманнинг Омонқўтон маҳалласи фаоли Қаҳҳор Жабборов маҳалладаги 4500 нафар аҳоли учун бугунги кун талабига мос оилавий шифо маскани зарурлигини билдирди.
– Маҳалламиз олдин Қоратепа маҳалласи таркибида эди, - дейди Қаҳҳор Жабборов. – Аҳоли сони ошиб алоҳида маҳалла бўлдик. Аммо, ҳалигача маҳалламиз учун оилавий шифокорлик пункти қурилмаган. Айни пайтда контейнер тиббиёт маскани ўрнатилиб, халқимизга тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бироқ, 4500 аҳолига битта контейнер кичиклик қилмоқда. Шунинг учун сайёр қабулда вазирлик масъулларига мурожаат қилдим. Улар ушбу масалани туман ҳокимлиги билан жиддий ўрганиб, тез орада ижобий ҳал этилишини билдиришди.
Сайёр қабул давомида 70 нафардан ортиқ фуқаро тиббий хизмат сифатини ошириш, зарур тиббий муолажалар олиш, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан масъулларга юзланди.
– Ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам иккинчи гуруҳ ногиронимиз, икки томонлама коксартерознинг IV даражасидан қийналмоқдамиз, – дейди Испанза маҳалласида яшовчи Одил Эшонқулов. – Ижтимоий ҳимоя реестрига киритишдаги тушунмовчиликлар сабаб имтиёзли жарроҳлик амалиётини амалга ошириш бўйича қилган мурожаатларимиз икки йилдан бери қайтарилмоқда. Бугунги сайёр қабулни эшитиб, нажот излаб келдик. Масъулларга учрашдик. Туман ҳокимлиги масъуллари билан шу ернинг ўзида муаммони ҳал этиш бўйича фикрлашилди. Умид қиляпмиз, сайёр қабул орқали дардимизга шифо топишга.
[gallery-30243]
Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларининг сайёр қабули доирасида вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббий муассасаларнинг малакали мутахассислари томонидан аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди. Тиббий кўрик давомида 300 нафардан ортиқ аҳоли малакали мутахассислар қабулида бўлиб, саломатликларини мустаҳкамлаш, аниқланган хасталикларни даволаш бўйича зарур тавсиялар олди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА