Вазифаларнинг аксарияти бажарилган, аммо...
Олий Мажлис Сенатида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил тўққиз ойида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Олий Мажлис Сенатида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил тўққиз ойида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳисоботида таъкидланганидек, 2019 йилда ушбу вазирлик зиммасига 30 мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 15 таси жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида бажарилиши белгиланган.
– Ёшларни олий таълимга қамраб олиш йўналиши бўйича шуни айтиш мумкинки, жорий йилда 14 янги олий таълим муассасаси очилди. Шундан 8 таси хорижий олий ўқув юртлари филиаллари ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов. – Шунингдек, барча таълим йўналишлари бўйича квоталар кўпайтирилди. Бу ўз-ўзидан қамровни оширди. Бу йилги кўрсаткич битирувчиларнинг сонига нисбатан 17 фоизни ташкил этмоқда. Ноябрь ойида ҳам қабул давом этишини инобатга олсак, кўрсаткич ўзгаради.
Вазирлик маълумотлари таҳлили аксарият вазифалар ижро этилганини, бироқ 2 вазифа бажарилиши якунига етмаганини кўрсатди. Хусусан, II-III чоракларда фан бўйича 1 минг 500 электрон ўқув-услубий мажмуа ишлаб чиқиш топширилган бўлса-да, бу вазифа атиги 13 фоизга бажарилган. Қолаверса, жорий йилнинг II чорагида олий ўқув юртларида илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш белгиланган эди.

Уни бажариш учун республикадаги барча моддий-техник, илмий-интеллектуал ва молиявий ресурсларни сафарбар этган ҳолда мавжуд илмий-инновацион салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш кўламини кенгайтириш, юқори инновацион фаолликни таъминлайдиган аниқ механизм ва молиялаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Илм-фан ва илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Бироқ ушбу ҳужжат шу кунга қадар қабул қилинмагани туфайли олий ўқув юртларида илмий натижаларни тижоратлаштириш бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш вазифаси бажарилиши якунига етмаган.
Бу йил стипендиянинг 400 минг сўм миқдорида бир хил белгиланиши кўплаб талабалар норозилигига сабаб бўлди. Бунга вазир қуйидагича изоҳ берди:
– Ҳар бир олий ўқув юртида Рағбатлантириш фонди ташкил этилаяпти. Мана шу фонддан яхши ўзлаштирган талаба стипендиясига 50 фоиз қўшиб берилиши кўзда тутилмоқда. Масалан, аъло баҳода ўқийдиган талаба 400 минг сўм стипендия олса, унга қўшимча 200 минг сўм берилади, дегани. Ректор стипендиясининг бунга алоқаси йўқ.
Тадбир давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти натижалари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 9 ойи давомида республикамизда 266,3 минг иш ўрни яратилган. Яратилган иш ўринларининг қарийб тенг ярми – 129 мингтаси кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳисобига тўғри келмоқда.

Таъкидланганидек, 2019 йилда ушбу вазирлик зиммасига жами 25 та мақсадли вазифа юклатилган бўлиб, уларнинг 11 таси 2019 йилнинг тўққиз ойи мобайнида бажарилиши лозим эди. Бироқ вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлили кўрсатганидек, уларнинг 4 таси бажарилмаган.
Хусусан, жорий йилнинг учинчи чорагида Ўзбекистон Республикасида Халқаро миграция ташкилотининг ваколатхонасини очиш вазифаси назарда тутилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасида битим лойиҳаси ишлаб чиқилган. Тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда вазирлик хати Ташқи ишлар вазирлигига киритилган. Лекин ҳозирги кунга қадар республикада Халқаро миграция ташкилотининг ваколатхонаси очилмаган ва бу вазифа ижроси таъминланмаган.
Шунингдек, вазирлик зиммасига учинчи чорак давомида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат (патент) берувчи Россия Федерациясининг кўп тармоқли марказини Ўзбекистонда ташкил этиш вазифаси юклатилган. Бироқ бунинг ҳам ижроси таъминланмаган.
Андижон, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида Россия миграция марказининг ваколатхоналари аввалдан фаолият юритаётган бўлса-да, Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун рухсат (патент) берувчи фаолият билан шуғулланмайди.

Бундан ташқари, учинчи чорак давомида бўш иш ўринларининг мустаҳкам ва долзарб базасини шакллантириш, иш билан таъминланган аҳоли сонини аниқлаш, шунингдек, бандликка кўмаклашиш марказлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичларини акс эттирувчи тизим ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифаси белгиланган. Вазирлик томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ушбу тизимни тажриба сифатида жорий этиш бўйича буйруқ чиқарилган, лекин ҳудудларда ушбу тизим ҳали амалда жорий этилмаган.
Мажлисда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятидаги шу ва бошқа камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
