“Ватанпарвар”да очиқ эшиклар куни
Гулистон шаҳридаги “Ватанпарвар” ташкилотида ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик соҳасига қизиқишини ошириш мақсадида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Сирдарё вилоят фахрийлар кенгаши ҳамда Мудофаа ишлари жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчи ёшлари фаол иштирок этдилар.

Тадбир давомида иштирокчилар ташкилот фаолияти, унинг асосий йўналишлари ҳамда ёшлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар, спорт тўгараклари ва амалий машғулотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айниқса, пневматик милтиқдан ўқ отиш спорти бўйича ташкил этилган амалий машғулотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Иштирокчилар мутахассислар назоратида ўз куч ва маҳоратларини синаб кўриш имкониятига эга бўлдилар.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг Ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов ва бошқа мутахассислар ёшлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб бериб, уларнинг қизиқишини янада оширдилар.

– “Ватанпарвар” ташкилотида ўтказилган очиқ эшиклар куни доирасидаги тадбир биз ёшларга ўз устимизда янада кўпроқ ишлаш, мақсадларимиз сари қатъият билан интилиш учун қўшимча куч ва рағбат берди. Энг асосийси, тадбир фойдали бўлди. Мутахассислардан ўзимизни қизиқтирган айрим саволларга атрофлича жавоб олдик, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Жавоҳир Баратов.
Ғулом Примов, ЎзА