Ватанпарвар авлодни тарбиялаш – устувор вазифа
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда Президентимиз томонидан илгари сурилган Тараққиёт стратегияси ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, одамларнинг ҳуқуқий дунёқараши, фикри ва тафаккурини ўзгартиришда Халқ қабулхоналари муҳим институт сифатида ўзини намоён қилмоқда. Шу боис, Тараққиёт стратегиясида Халқ қабулхоналарининг қўшимча ҳуқуқий асосларини яратиш масаласи белгиланди. Зеро, Халқ қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш орқали бу институтнинг мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги ўрни янада мустаҳкамланади.
Йиғилишда таъкидланганидек, Тараққиёт стратегияси доирасидаги вазифалар қаторида таълим-тарбия соҳасига устувор аҳамият қаратилган. Боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали болаларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаш, мамлакатимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилиши айтилиб, барча боғчалар ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилиши қайд этилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган стратегияда оила, боғча, мактаб, олий таълим уйғунлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди ва бу тўртинчи йўналишдаги энг устувор масалалардир, – деди ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров. – Ҳар бир болани малакатимиз келажаги сифатида асраб-авайлаб, тизимдан тизимга ақлли, билимли, доно ва маърифатли қилиб топшириш керак. Шундагина жамиятда ўз ҳақ-ҳуқуқини англайдиган, биз кутаётган ватанпарвар авлод пайдо бўлади. Шу жиҳатдан, Президентимиз томонидан илгари сурилган Тараққиёт стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилишида ҳар биримиз фаол иштирок этишимиз лозим.
Йиғилишда фракция аъзолари Тараққиёт стратегиясида назарда тутилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга эътибор қаратиши ва бу борадаги ишлар фракциянинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолиши алоҳида қайд этилди ҳамда келгусидаги вазифалар белилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА