Ватанни чин дилдан севган шоир
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ижодкорлар, талабалар қатнашди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори вазифасини бажарувчи Элдор Шермонов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Ғайрат Мажидов, Ботиржон Эргашев халқимизнинг атоқли шоири Муҳаммад Юсуф ижоди, унинг ёшларни қўллаб-қувватлаш, адабиётимизни равнақ топтириш борасидаги ибратли ишлари хусусида батафсил сўзлади.
– Халқчил шоир Муҳаммад Юсуфнинг таваллуди юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, – деди Элдор Шермонов. – Адибнинг ижодини ўрганиш юзасидан ўтган 5 йил давомида жуда кўплаб ишлар бажарилди. Хусусан, ТУРКСОЙ ташкилоти бошчилигида халқаро миқёсда ҳам шоир таваллуд куни нишонланаётгани, асарлари 7 та туркий тилга таржима қилингани, Муҳаммад Юсуф номидаги замонавий овоз ёзиш студияси ташкил қилингани, Кинематография агентлиги томонидан шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм ишлангани қувонарлидир.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан «Муҳаммад Юсуф» кўкрак нишони таъсис этилгани ҳам диққатга сазовордир. Ушбу кўкрак нишони наинки ўзбек ижодкорларига, балки хорижда Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини бошқа тилларга таржима қилиб, тарғиб қилаётган адибларга ҳам топширилди.

Тадбирда таниқли хонандалар, педагог ва талабалар ижросида шоирнинг «Узр», «Ватаним» каби шеърлари, «Қора қуёш» достонидан парчалар ўқилди. Шоир шеърларига басталанган қўшиқлар тингланди.
Дарҳақиқат, Муҳаммад Юсуф шеърларида Ватанга, халққа, миллатимизга, умрбоқий анъана ва қадриятларимизга чексиз меҳр-муҳаббат устувор ўрин эгаллайди. Шу сабабли ҳам унинг шеърлари халқимиз, айниқса, ёшлар томонидан севиб ўқилади, ёд олинади.
– Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги мамлакатимизда адабиёт, маънавият байрамига айланиб кетганига гувоҳ бўлиб турибмиз, – деди атоқли шоир Салим Ашур. – Шоирнинг адабиётда қандай ҳудуди бўлса, Адиблар хиёбонида ўрнатилган ҳайкали атрофида ҳам ўз ҳудуди бор. Бу ҳудуд унинг шеърлари, қўшиқлари, маънавий қарашларидан иборат. Ҳар йили китобларининг нашр этилиши, шеърларининг ҳамон қўшиққа айланаётгани бугунги кунда ва келажакда ҳам унинг ёзганлари халқимиз, ёшларимиз учун маънавий озуқа бўлиб келаётганидан дарак беради.
Тадбирда халқини, Ватанини юракдан севган, самимий шоир билан боғлиқ хотиралар ёдга олинди.
Н.Усмонова, ЎзА