Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам
Термизда ўтказилган ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси шундай шиор остида ташкил этилди.
Термизда ўтказилган ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси шундай шиор остида ташкил этилди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Фермерлар кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ушбу соҳада меҳнат қилаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Кўргазмада юксак салоҳиятли, фаол, ташаббускор ва тадбиркорлик фаолиятида юқори натижаларга эришаётган ёшлар “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг намунали ёш фермери”, “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” йўналишлари бўйича муносиб тақдирланди. Ғолибларга мамлакат босқичига йўлланма берилди.
– Бугун “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори” йўналиши ғолиби бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди Термиз туманидаги “Гулбаҳор нурли келажак” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилафрўз Каримова. – Бундай тадбирлар ёш ишбилармонларни янада кўпроқ изланишга ундайди. Корхонамизда тикилаётган кийимлар, яратилаётган янгиликлар аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётганидан фахрланаман.
Тадбир доирасида банк, солиқ, божхона соҳаси мутахассислари ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари, улардан фойдаланиш қоидалари, божхона хизматлари хусусида маълумот берди.