Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам
Наманганда шу шиор остида ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Наманганда шу шиор остида ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли соҳада ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Ушбу қарор ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирлар ёшлар эришаётган муваффақиятларни тарғиб қилиш ва шу орқали уларни янада улкан мақсадлар сари ундашга хизмат қилмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилояти кенгаши раиси Муҳаммадали Убайдуллаев. – Элликдан зиёд ёш тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўзи ишлаб чиқарган маҳсулоти, инновацион лойиҳаси, рационализаторлик таклифи билан қатнашган бугунги кўргазмада бу янада ёрқин ифодасини топди.
“Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори” номинациясида “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов, “Йилнинг энг намунали ёш фермери” номинациясида Тўрақўрғон туманидаги “Раҳимберди ҳожи ўғли Рустамбек” фермер хўжалиги етакчиси Мақсуджон Раҳимбердиев, “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” йўналишида Тўрақўрғон туманидан кулол-ҳунарманд Иқболой Пўлатова биринчи ўринни эгаллади. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилиб, кўргазманинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.
– Кулолчиликда сопол қўғирчоқлар ясаш алоҳида йўналиш ҳисобланади, – дейди И.Пўлатова. – Ҳунар ва санъатни ўзида мужассам этган бу соҳа нафақат моддий жиҳатдан, балки миллийлиги, маънавий, тарбиявий аҳамияти билан ҳам қадрли. Миллий қадриятларимизни улуғлашга хизмат қиладиган ҳунар билан шуғулланаётганим менга ғурур бағишлайди.
Тадбирда банк, солиқ, божхона соҳаси мутахассислари томонидан ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари, улардан фойдаланиш қоидалари, божхона хизматлари хусусида атрофлича маълумот берилди.