Ватан деб яшамоқ энг улуғ қисмат
Ҳар бир халқнинг ўзига хос урфу одати, яшаш тарзи бор.
Ҳар бир халқнинг ўзига хос урфу одати, яшаш тарзи бор. Бизнинг халқимиз табиатида даставвал кўзга ташланадиган фазилат, адашмасам, бу – болажонлик, фарзандлар бахту камолини ўйлаб яшашдир.
Унинг меҳнату заҳматининг боиси, ҳатто умрининг мазмуни ҳам азалдан фақат шу бўлган ва шундай бўлиб қолажак. Негаки, инсон учун фарзандлар келажагидан улуғроқ нарса йўқ.
Аждодларимиздан мерос бир ҳақ гап бор, Тангри насибангни қаерга сочган бўлса, бориб териб ейсан. Бу улуғ ҳикмат. Бугун дунёнинг турли жойларига бориб, меҳнат қилаётган, таълим олаётган, илм қилаётган кишилар жуда кўп. Уларнинг мақсад-муддаолари эса юқорида айтилганидек, фаровон ҳаёт кечириш, элу юртнинг корига яраш ва албатта, ўғил-қизлари истиқомати, илму ҳунар эгаллаши, ҳаётда ўз ўрнини топиши учун тўкис шарт-шароит яратишдир.

Дунё кўриш, одам таниш, сайри саёҳат важи билан жаҳоннинг бир нечта шаҳару кентларига боришимга тўғри келган. Россиянинг қадим тарихга эга шаҳри Санкт-Петербургга боришни кўпдан орзулаб юрар эдим. Ниятим холис экан, мана яқинда йўлим шу томонларга тушди.
Санкт-Петербург... Россиянинг мазкур тарихий шаҳрига сайёҳ бўлиб эмас, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маърупова бошлиқ бир гуруҳ делегация аъзолари хизмат сафарига отландик. Гуруҳ Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбек миллий академик драма театри, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, кино арбоблари ижодий уюшмаси ва бошқа турли идора-ташкилотлар вакилларидан ташкил топган. Улар орасида эл танийдиган кишилар – Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, хизмат кўрсатган артистлар Матёқуб Матчонов, Саида Раметова, Фатхулла Маъсудов, Зафар Шодиев кабиларнинг борлиги бўлажак учрашувларнинг самарали ўтишини олдиндан башорат қила оларди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 20 августида давлатимиз раҳбари меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, давлат томонидан уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг таклифларини ҳисобга олиб “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармонни имзолаган эди. Ушбу фармон билан ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилиши масалани қай даражада долзарб эканлигини билдиради.

Сафардан мақсадимиз – ана шу фармон ижроси доирасида ватандошларимиз билан учрашиб, уларнинг эҳтиёжлари ва орзу-мақсадларини ўрганиш, шунингдек, давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллик айёми билан қутлаш эди. Ватандошларимиз билан бўлган барча учрашув-тадбирлар Санкт-Петербургдаги Ўзбекистон Бош консуллиги ҳамда “Мадад” чет эл фуқароларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш нодавлат-нотижораат маркази томонидан ташкил этилди.
Санкт-Петербург ҳақида биласиз. Шундай бўлса ҳам шаҳар ҳақида озгина маълумот бериб ўтсам. Шаҳар Россиянинг сайёҳлар кўп келадиган қадим тарихга эга манзили ҳисобланади. Эрмитаж ҳамда Нева дарёси шаҳарликларнинг фахру ифтихоридир. Жуда кўп йиллар мамлакат бошкенти бўлган бу шаҳарнинг кишилар тилида ҳозир ҳам иккинчи пойтахт деган рамзий номи бор.
Дарвоқе, шаҳар марказида Бухоро амирлари Саййид Абдулаҳадхон ва Амир Олимхон ташаббуси билан барпо этилган жомеъ масжиди бор. Масжид 1913 йилда очилган, ўз даврида Европадаги энг йирик жомеъ масжидларидан бири бўлган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 5000 киши намоз ўқий олади. Тарих китобларида ёзилишича, 1913 йилда шаҳардаги мусулмонлар сони бор-йўғи 8000 нафар бўлган экан. Бугунги кунда эса, матбуот хабарларида келтирилишича, Санкт-Петербург масжидларида Рамазон ва Қурбон ҳайитларида қирқ мингдан ортиқ намозхон тўпланар экан.
Биз тадбирларимизни Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг яшаш ва иш шароитлари билан яқиндан танишишдан бошладик. Дастлаб, Федерацияда энг йирик савдо ва бизнес марказларидан бирининг қурилишида иштирок этаётган 300 нафардан ортиқ ватандошимиз билан дийдорлашдик. Уларнинг юз-кўзларидаги қувончни, бахт ифодаларини кўриш бизга яхши кайфият бағишлади. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари асосида суратга олинган видеофилмдаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ролидан парчалар ижро этганида барчанинг кўзида ёш қалқди. Улуғ бобомиз Мирзо Бобурнинг мураккаб ҳаёт йўли, Ватан дея чеккан изтиробли кечмиши кўз ўнгимизда жонлангандек бўлди. Ўз навбатида бу заминда вақтинча меҳнат қилаётган юртдош ўғлонларимиз ҳам қараб туришмади. Бири Мирзо Бобурдан, бири Муҳаммад Юсуфдан шеърлар ўқишиб, кўпчиликнинг олқишини олишди.
Шундан сўнг биз тикувчилик корхонасида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ўзбек аёллари билан суҳбатлашдик. Иш ва яшаш шароитлари борасидаги катта-кичик муаммоларни ўрганишга ҳаракат қилдик, ҳал этилиши зарур бўлган баъзи масалалар бўйича соҳа мутахассислари атрофлича жавоб қайтаришди. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг ҳароратли сўзлари, ватан, миллат, халқ ҳақидаги манзумалари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Санкт-Петербург шаҳрида вақтинча меҳнат қилаётган ҳамюртмиз Муҳтарама Жўраеванинг, мен айни пайтларда ўзимни Ватаним – Ўзбекистонда ҳис қилаяпман. Биз ҳеч қачон бундай йўқловни кутмаганмиз. Сизларга, сиз орқали муҳтарам Президентимизга раҳмат айтаман, деган юрак сўзларини эшитарканмиз, унинг тимсолида мамлакатимизда олиб борилаётган янги ислоҳотлардан мамнун юртдошларимизни кўргандек бўлдик. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, хизмат сафари давомида хотин-қизлар қўмитаси томонидан сайёр қабуллар ҳам ташкил этилди. Хотин-қизларимиз билан юзма юз учрашиб, суҳбатлашилди. Уларнинг муаммолари, таклиф-истаклари ўрганилди. Санкт-Петербург администрациясининг миллатлараро муносабатлар ҳамда миграция сиёсатини юритиш қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда фуқароларимизга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган мақсадли режаларнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Албатта, жамоамиз билан тадбирлар давомида бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ёшларимиз учун берилаётган имкониятлар, тадбиркору ишбилармонларга яратилаётган шарт-шароитлар, давлатимизнинг кейинги йилларда эришган ютуқлари, жаҳон мамлакатлари билан олиб бораётган дўстона алоқалари, шаҳру қишлоқларимизнинг борган сари обод бўлаётгани, янги-янги турар-жойлар барпо қиланаётгани ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бердик. Ватандошларимизни энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан қутладик, мушоира кечалари ташкил этдик, таниқли санъаткорларимиз дилбар ижролари билан ҳаммага қувонч улашишди. Биз эсак, ўз йўқловимиз билан, икки оғиз сўзимиз, шеъру қўшиқларимиз билан ўз Ватанидан олисда – вақтинча меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган юртдошларимиз вақтини хуш қилолганимиз, кўнгилларида ўз келажакларига ишонч ва фахру ифтихор туйғулари уйғота олганимиздан мамнун эдик. Зеро, сафардан мақсадимиз ҳам айнан ана шу эди.
Бобомиз Имом ат-Термизий сарвари коинот Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай мазмундаги ҳадис ривоят қилганлар: “Қиёмат куни Одам боласининг қадами Роббисининг ҳузуридан то бешта нарсадан сўралмагунича силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан топгани ва уни қаерга сарфлагани ҳамда билган нарсасига қанчалик амал қилгани ҳақида”. Бундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, биз ғанимат умримиздан, айниқса ёшлик даври имкониятларидан унумли фойдаланишимиз зарур. Ёшликда олинган таълим инсон онгу шуурида бир умрга муҳрланиб қолади. Шу маънода, айтиш лозимки, бугунги ўзбек ёшлари илм таҳсили йўлида тиним билмай изланаётганлари, жаҳоннинг энг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиётганлари давлатимиз келажаги, унинг тараққиёти учун жуда муҳимдир.
Маълумотларга қараганда, айни пайтда Россия федерациясида 26 минг нафардан зиёд йигит-қизларимиз таълим олмоқда. Бизнинг навбатдаги учрашув-тадбиримиз манзили Санкт-Петербург давлат Йўл алоқалари университети бўлди. Ҳозирда билим масканида 300 нафардан ортиқ ўзбек ёшлари билим олаяпти. Бу эса ёшларимизнинг малакали мутахассис бўлиш, илму тафаккурларини оширишга қанчалар чанқоқ эканликларни намоён этади. Университет президенти Виктор Лобко учрашув чоғида, мен ўзбек халқини жуда яхши кўраман. Ўзбекистонда дўстларим кўп, уларнинг баракотли дастурхонидан баҳраманд бўлганман. Ўзбек талабаларимга келсак, улар билан фахрланаман. Университетнинг бошқа толиблари ҳам ўзбекистонлик ёшлар каби илмга чанқоқ, тарбияли бўлишини хоҳлар эдим, деди мамнуният билан. Ўз навбатида биз ҳам бу илмсевар ёшлар мамлакатимиз тараққиёти йўлида салмоқли фаолият олиб боришларига ишонамиз. Ушбу таълим муассасасида бўлган учрашув барчада катта таассурот қолдирди. Ёшларнинг келажакка бўлган ишончлари, ниятлари қутлуғ эканлигидан қувондик.
Сафарнинг сўнгги кунида шаҳар марказидаги Ёшлар маданият саройида мингга яқин ватандошлармиз ҳамда меҳмонлар иштирокида маданий кеча уюштирдик. Турли кўргазмалар ташкил этилди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлашим керак, мамлакатимиз Раҳбарининг жорий йилнинг 20 августдаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг таклифларини инобатга олиб қабул қилган Фармони ўта долзарб, муҳим тарихий бир ҳужжат эканлигига Санкт-Петербург сафари давомида қайта-қайта амин бўлдик. Хорижда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган фуқароларимиз билан доимий равишда алоқада бўлиб туришимиз лозимлигини юракдан ҳис қилдик. Чунки, улар бизнинг қондош-жондош ака-ука, опа-сингилларимиз, уларни унутишга, ҳимоясиз қолдиришга асло ҳаққимиз йўқ. Токи улар ҳам ортларида Ўзбекистон аталмиш улуғ мамлакат, уларнинг тақдирига асло бефарқ бўлмаган Президентлари борлигини ҳар нафасда ҳис қилиб туришсин.
Ярим тун. Невани кечмоқда кема,
Ичида турли тил янграйди, гавжум.
Мовий кўзли дилбар бўлиб парвона,
Қаҳва узатади айлаб табассум.
Пётр саройин маликаси у,
Мен ҳам мафтуниман ажиб шеванинг.
Барча сайёҳларга бу шаддод оҳу,
Таърифин шеър каби айтар Неванинг.
Яна шўх жилмайиб, Пушкин даҳодан,
Сергей Есениндан ўқийди байтлар.
Унинг юрагига кўчган самодан,
Муаззам фикрлар, мунаввар қайдлар.
Маним кўз ўнгимда шул дамда бироқ,
Оқсарой, Регистон жонланди бир-бир.
Юрт ўйи руҳимда порлаган чироқ,
Қалбимда мавж урган Аму билан Сир.
Ҳазрати Навоий сўзи мисли нур,
Юраклар ҳамиша зиёга муҳтож.
Ватандан кўзини узмаган Бобур,
Бобо юрт хаёли бошимизда тож.
Тупроғин севади, неки жонзот бор,
Сен ҳақсан, эй гўзал, бу қутлуғ ҳикмат.
Ахир, барчамизга Ватан бетакрор,
Ватан деб яшамоқ энг улуғ қисмат.