Валютани тартибга солиш ва ташқи иқтисодий фаолият масалалари муҳокама этилди
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти томонидан тегишли таркибий бўлинмалар ҳамда тижорат банкларининг ташқи иқтисодий фаолият ва валюта операциялари йўналишида фаолият юритувчи мутахассислари иштирокида ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирда Марказий банкнинг валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаменти масъул ходимлари Сарвар Отаназаров, Ойбек Норбоев, Жавоҳир Абдухолиқов хорижий давлатларга экспорт амалиётларини бажариб, юртимиз иқтисодиётига наф келтираётган ишбилармонларга валюта хизматлари кўрсатишда учраётган долзарб масалалар муҳокама қилиниб, амалиётда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Марказий банкнинг Наманган вилояти бош бошқармасида ўтказилган анжуманда валюта операцияларини тартибга солувчи қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиришлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллаш тартиби, шикастланган ҳамда муомалага яроқсиз хорижий валюта банкноталарини қабул қилиш ва инкассога расмийлаштириш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Семинар доирасида Наманган вилоятида экспортёр, ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари билан ҳам очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашувда тадбиркорларга давлат томонидан яратилаётган қулай шарт-шароитлар, соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар атрофлича муҳокама қилиниб, уларнинг амалий ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Семинар якунида, қатнашчилар қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Бу каби амалий тадбирларнинг аҳамияти юқори эканлиги алоҳида қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.