Вадим Абрамов – “Динамо” бош мураббийи
Бугун Самарқанднинг “Динамо” профессионал футбол клубида клуб раҳбарияти ва жамоа аъзолари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Жамоанинг Суперлигадаги қониқарсиз натижалари сабабли бош мураббий Андрей Шипилов ўз аризасига биноан клуб билан хайрлашгани маълум қилинди.
7 август куни Самарқандда Қаршининг “Насаф” жамоаси билан кечган ўйинда “Динамо” йирик ҳисобда (0-4) мағлуб бўлгач, учрашувдан кейинги матбуот анжуманида А.Шлипов мураббийликни топширишини билдирганди.
Жорий мавсумда Суперлигага йўлланма олган “Динамо” айни пайтда 14 ўйиндан сўнг бир ғалаба, 4 дуранг ва 9 мағлубиятдан сўнг турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бормоқда.
Клуб раҳбарияти ва ҳомийлари жамоага янги бош мураббий сифатида таниқли мутахассис Вадим Абрамов таклиф этилганини эълон қилди ва жамоага расман таништирилди.
Маълумот учун, 59 ёшли мутахассис “Трактор”, “Локомотив”, “Нефтчи”, “Бунёдкор” клублари, Ўзбекистон олимпия ва миллий жамоасида фаолият юритган. Вадим Абрамов 2019-2021 йиллар давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритган.
Бу – жорий мавсумнинг ўзида “Динамо”да учинчи марта бош мураббий алмашишидир.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА