Вақтни ўлчашнинг асослари қандай пайдо бўлган?
Вақт тушунчаси инсонлар ҳаётига жуда қадим замонлардан бошлаб кириб кела бошлаган.
Вақт тушунчаси инсонлар ҳаётига жуда қадим замонлардан бошлаб кириб кела бошлаган. Аста секинлик билан тараққиётнинг шундай бир даври бошланганки, ижтимоий ҳаётни вақт ўлчайдиган асбобларсиз тасаввур этишнинг имкони қолмаган.
Бундай асбоблар ҳам инсоният тараққиётининг бошқа барча асбоблари каби ўзининг ибтидоий кўринишига эга бўлиб, дастлабки вақт ўлчаш мосламалари жуда содда кўринишга эга бўлган.
Қадимда инсонлар вақтни чамалаш учун дастлаб қуёшнинг суткалик ҳаракатидан, янаям аниқроғи, қуёшли кунларда ҳосил бўладиган сояларнинг хусусиятидан фойдалана бошлаганлар. Бунда инсонларга турлича жисм ёки дарахтларнинг соялари турлича вақтларда қуёшнинг ҳолатига қараб турлича узунликларга эга бўлишлари қўл келган.
Аммо бу усул билан вақтни аниқ ўлчашнинг имкони бўлмаган. Замонлар ўтиши билан инсонлар вақтни аниқ ўлчаш учун ернинг ўз ўқи атрофида тўла айланиш давридан фойдалана бошлаганлар ва ҳозиргача ҳам бу усул қўл келмоқда.
Демак, бир сутка ўртача 24 соат. Шундан келиб чиқиб, халқаро келишувларга асосан ер шари 24 поясга бўлинган ва шартли равишда Нолинчи меридиан Гринвич деб номланган.
Қолган меридианлар эса ер шарига ундан ўн беш даражали фарқлар билан кетмағкет жойлаштириб чиқилган.
Бизга геометрия курсидан маълумки, ҳар қандай айлана ўз радиусини уч юз олтмиш даражага оғдириш натижасида ҳосил бўлади. Демак, бир сутка давомида ер ўз ҳолатини уч юз олтмиш даражага ўзгартириб, ҳар бир сутка Гринвич чизиғида ўз ўрнини навбатдаги суткага бўшатиб беради ва бу табиий ҳодиса даврий равишда такрорланаверади.
Сутканинг бундай ўзгаришларини тартибга солиш учун инсоният янада каттароқ даврли табиий ҳодисалардан фойдалана бошлаган. Бу табиий ҳодисаларнинг бири ой фазаларининг алмашиниши (синодик давр) бўлса, иккинчиси, бизга фасллар алмашинуви тарзида намоён бўладиган тропик йил, яъни ернинг ўз орбитаси бўйлаб қуёш атрофида тўла айланиб чиқиши учун кетган вақт.
Шундай қилиб ернинг ўз ўқи атрофида бир марта тўлиқ айланиб чиқиши учун кетган вақтни – кунлар, ой фазаларининг тўлиқ алмашинуви учун кетган вақтни – ойлар, ернинг ўз орбитаси бўйлаб қуёш атрофида тўлиқ айланиб чиқиши учун кетган вақтни эса – йиллар деб атай бошлаганлар.
Даврий равишда такрорланувчи бундай табиий ҳодисаларни рақамларнинг ўсиш тартибида тизимга солиш натижасида тақвимлар (календарлар) ҳосил қилинган.
Ой фазаларининг алмашинуви – Қамарий (ой) тақвимларнинг тузилишига асос бўлган бўлса, ернинг қуёш атрофида йиллик айланиши – Ҳижрий (қуёш) тақвимларига асос бўлган.
ОЙ ТАҚВИМИ
Биринчи ой тақвими милоддан аввалги 2500 йилларда Вавилонда пайдо бўлган. Етти кунлик ҳафта ҳам оддий кўз билан кўриш мумкин бўлган ва осмон фонида ҳаракатланаётган етти осмон жисми (қуёш, ой ва бешта сайёра) сонига тенг қилиб жорий қилинган. Яъни ўша осмон жисмлари илоҳийлаштирилиб, ҳафта кунлари уларнинг ҳар бирига бағишланади.
Орадан бир неча асрлар ўтиб, мусулмонларнинг тақвими деб аталадиган ой тақвими шаклланди. Бу тақвимга асосан бир йил 354 кундан иборат бўлиб, у 12 ойга тақсимланган. Ой кунлари эса 29 ва 30 кунлардан иборат бўлиб ўзаро алмашиб келган. Ойнинг бошланиши сифатида янги ой кўринган кун қабул қилинган.
Агар бу тақвимни ҳозирда амал қилинаётган мелодий тақвим билан солиштирсак, ҳар йили унинг янги йили тахминан ўн бир кун олдин келади (365 - 354=11).
Ушбу тақвимнинг эраси Муҳаммад с.а.в.нинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган кунларидан бошланиб, мелодий 622 йилнинг 16 июлига тўғри келади. Бу тақвимнинг 12 ойи қуйидагича номланади: Муҳаррам, Сафар, Раби-ул -аввал, Раби - ул - сони, Жумадул - ула, Жумадул - охира, Ражаб, Шабон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа.
ҚУЁШ ТАҚВИМИ
Илк Қуёш тақвими эса милоддан аввалги 3000 йилларда қадимги Мисрда пайдо бўлган. У тақвимга асосан бир йил 360 кундан иборат бўлиб, кунлар 12 ойга тенг 30 тадан қилиб тақсимланган. Кейинчалик бу тақвим билан ҳақиқий тропик йил орасидаги фарқ яққол кўзга ташлана бошлагач, бир йил 365 кун деб олинган.
ЮЛИАН ТАҚВИМИ
Милоддан аввалги учинчи асрга келиб Мисрда астрономлар бир астрономик йил 365,25 кунга тенг эканлигини аниқлаганлар. Эрамиздан олдинги биринчи асрга келиб Рим саркардаси Юлий Цезарь йил узунлиги 365,25 кунга тенг бўлган тақвимни астрономлар ёрдами билан тузиб, ҳаётга жорий қилдирган. Кейинчалик бу тақвим унинг шарафига Юлиан тақвими деб аталган.
Бу тақвимга асосан дастлабки уч йил кетма-кет 365 кундан иборат бўлиб, тўртинчи йил эса 366 кун деб олинган ва тўртинчи йилга Кабисса йили деб ном берилган.
Аммо асрлар ўтиши билан бу тақвим йили ҳам ҳақиқий астрономик йилдан фарқ қилиши намоён бўла бошлади.
ГРИГОРЯН ТАҚВИМИ
Шундай қилиб 1582 йилга келиб Рим папаси Григорий 13 йилнинг узунлиги (365,2422 кун) эканлигини асос қилиб реформа ўтказaди. Ислоҳ қилинган бу тақвим Григорян тақвими деб юритила бошлади ва унинг эраси Исо пайғамбарнинг афсонавий туғилган кунидан бошланган.
Бу тақвим ҳам 12 ойдан иборат бўлиб, унинг дастлабки беш ойи қадимги римликларнинг афсонавий “худо”лари (Янус, Фебруус, Марс, Майя, Юнона), июль ва август ойлари Рим императорлари Юлий Цезарь ва Август номи билан қолганлари эса тартиб номерлари (сентябрь – еттинчи, октябрь – саккизинчи, ноябрь – тўққисинчи, декабрь – ўнинчи) билан аталган.
Апрел ойи эса “очилувчи”, “уйғониш” сўзларидан олинган. Рус императори Пётр биринчининг буюруғи билан 1700 йилда тақвим йилининг боши 1 январга кўчирилган ва ҳанузгача дунёнинг кўп мамлакатларида шу тавимга амал қилинади.
УМАР ХАЙЁМ ТАҚВИМИ
Инсоният тарихида гарчанд ҳозирда улар ҳаётга жорий қилинмаган бўлса-да, бу тақвимлардан ташқари яна бир неча тақвимлар ҳам бўлган. Шулардан бири ва энг мукаммали Умар Хайём тақвимидир.
Беруний ўзининг “Ўтган авлодлар ҳақида эсдаликлар” асарида қадимги Эронда йилнинг узунлиги 365 кундан иборат бўлган тақвим жорий қилингани ҳақида ёзади.
Бу тақвимнинг дастлабки 11 ойи 30 кундан иборат бўлса, охирги 12 ойи эса 35 кундан иборат бўлган. Бу тақвимнинг йил боши доимо баҳорги тенг кунлик (21 март) билан устма-уст тушиши зарур эди.
Тропик йилнинг 365 кунга тенг эмаслиги йилнинг боши баҳорги тенг кунликдан силжиб кетишига сабаб бўлган. Тақвимни бундай нуқсондан халос қилиш учун Эрон подшоси Маликшоҳ астроном ва математикларни йиғиб, унга раҳнамолик қилишни Умар Хайёмга топширади.
Мақсад тақвим йилининг боши баҳорги тенг кунликдан силжимайдиган қилиб тузилиши керак. Бунинг учун кенгаш 366 кунлик Кабиса йилини жорий қилади, аммо унинг келиш тартиби римликларнинг Юлиан тақвимида келиш тартибидан бошқачароқ эди. Фарқ шунда эдики, Кабиса йили римликлар тақвимида 32 йилда 8 марта келса, Хайём тақвимида эса у 33 йилда 8 марта келарди.
Моҳият жиҳатидан тақвимдаги бу ўзгариш арзимас бўлиб кўринса-да, аммо аниқлик коэффиценти жиҳатидан римликлар тақвимдан анча юқори турарди. Хайём тақвимида йилнинг ўртача узунлиги (365,24242 кун)га тенг бўлиб, у ҳақиқий йил узунлиги (365,2422 кун)дан 0,00022 суткага, яъни 19,5 секундга фарқ қиларди, холос. Бу хатолик шу қадар кичик эдики, у тўрт ярим минг йилда бир суткага етарди.
Бу тақвимнинг эраси ҳам 622 йил 16 июлга кўчирилиб, Қуёш ҳижрий тақвими деган ном билан аталадиган бўлди. Бу тақвимнинг таҳсинга сазавор яна бир жиҳати шундан иборатки, унинг ойлари олам тузилиши ва йил фасллари билан уйғунлашиб кетган.
Ойлар тартиби эса қуёшнинг йиллик кўринма ҳаракати ёки ернинг йиллик орбитал айланиши давомида кесиб ўтадиган юлдуз туркумларининг номлари билан мос равишда Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадди, Далв, Ҳут деб номланарди.
Умид ХОЛЛИЕВ