Узумчилик истиқболларига бағишланди
Миллий матбуот марказида “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси томонидан узумчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш корхоналарининг хомашё базасини мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси томонидан узумчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш корхоналарининг хомашё базасини мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Мамлакатимизда токзорлар ҳосилдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилашга қаратилаётган доимий эътибор мамлакатимиз бозорлари тўкинлиги ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартдаги "2013-2015 йиллар даврида республикада узумчиликни янада ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Олимларнинг таъкидлашича, узумни мунтазам истеъмол қилиш артериал қон босимининг меъёрида бўлиши ва юрак фаолиятининг яхшиланишига ёрдам беради. Ушбу неъмат таркибида флавоноид моддаси мавжуд бўлиб, мазкур модда инсон организмидаги туз миқдорини камайтиради.
Юртимизда узумнинг қирқдан ортиқ нави мавжуд. “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси тизимидаги узумни қайта ишлашга ихтисослашган бир юз саксондан ортиқ корхонада ҳам саноатбоп токзорларни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ер унумдорлигини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 2013-2015 йилларда 23,5 минг гектар майдонда янги токзорлар ташкил этилиб, 17,4 гектар эски майдонларга қайта экилди.
– Келгусида дунё бозорида танилган номдор, истиқболли саноатбоп узум навларини янада кўпайтириб ноёб хомашё базасини яратиш мақсадида илм даргоҳлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган, – дейди компаниянинг қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эркин Бойниёзов. – Ушбу ҳамкорлик самарасида ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш учун илмий-тадқиқот институтлари коллекциясидаги истиқболли ток кўчатларидан намуналар олиниб, кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
2015 йилда қайта ишлаш корхоналарида 139 минг тоннадан зиёд узум қабул қилиниб, қайта ишланди. Узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш чоралари кўрилиб, сифатли хомашё етказиб берувчилар муттасил рағбатлантирилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда.
Компания маҳсулотларига хорижда ҳам талаб ортиб бормоқда. Халқаро кўргазмаларда олтмишдан зиёд олтин медаль олинди. Шу йилнинг 5-6 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форумда компания тизимидаги бир қатор корхоналар испаниялик ва болгариялик инвесторлар билан ҳамкорлик бўйича меморандум имзолади.
Тадбирда узум навларини яхшилаш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш орқали сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.