“Uztex Group”нинг ўн йиллигига муносиб туҳфа
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Uztex Group” компаниясининг ўн йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Uztex Group” компаниясининг ўн йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Сана муносабати билан компаниянинг МДҲда ягона бўлган хом ипни бўяшга ихтисослашган фабрикасининг ҳам тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Бугунги кунда мамлакатимиз тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ривожида “Uztex Group” компаниясининг ҳам алоҳида ўрни бор. Компания 2009 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугун у ўнта корхонани ўзида жамлади. Бу корхоналарда айни кунда 10 мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Корхоналар фаолиятида кластер шаклидаги иш тартиби жорий этилган бўлиб, унда пахта етиштиришдан то тайёр кийимгача бўлган жараён амалга оширилади.

Айни кунда “Uztex Group” маҳсулотларининг 95 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Корхоналарда ип, матолар, кийим-кечаклар, момиқ сочиқлар, пайпоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Италия, Германия, Англия, Франция каби дунёнинг 45 давлатига экспорт қилинмоқда. Ички бозорга эса матолар чиқарилаётир.
– Бугунги талаб ва эҳтиёжлар “Uztex Group” жамоасини фақат изланишга ҳамда янгидан-янги ғоялар устида ишлашга ундамоқда, – деди “Uztex Group” компанияси бош директори Фазлиддин Сирожиддинов. – Бир жойда тўхтаб қолиш эса мумкин эмас. Хом ипни бўяшга мўлжалланган янги фабрикамиз шу изланишларимиз натижаси, қолаверса, “Uztex Group” фаолиятининг ўн йиллигига муносиб туҳфадир. Бу ерда 300 дан зиёд иш ўрни яратилди ва у суткасига 50 тонна хом ипни бўяш қувватига эга. Яна бир аҳамиятли жиҳати, корхонамиз Швецария, Германия ва Туркиянинг энг янги ва замонавий технологиялари билан жиҳозланганидадир.



