Узоққа бормаган янги кўприк
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Хиёбон маҳалласида Қизилдарё устига қурилган кўприкнинг авария ҳолатига келиб қолиши аҳоли ўртасида жиддий хавотир уйғотмоқда. Фойдаланишга топширилганига ҳали тўрт йил ҳам тўлмаган иншоотнинг сел сувлари таъсирида чўкиб кетгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу масала юзасидан жамоатчилик фикри ва масъулларнинг муносабатини ўрганиш мақсадида ЎзА мухбири ҳудудда бўлди.
Маҳаллада яшовчи Қарши бобо Товошаровнинг айтишича, мазкур ҳудуд тоғ ён бағрида жойлашган бўлиб, баҳор фаслида сел келиш ҳолатлари тез-тез кузатилади.
– Эски кўприк 1991 йилда қурилган бўлиб, катта сел оқими натижасида вайрон бўлган эди. Шундан кейин янги кўприк қурилиши бошланиб, 2022 йилда фойдаланишга топширилди. Аммо жорий йил май ойидаги кучли ёғингарчиликлардан кейин келган сел сувлари кўприкнинг асос қисмини ювиб кетди. Натижада устунлари чўкиб, ҳаракатланиш хавфли ҳолатга келди. Агар дарё ўзанини тартибга солувчи дамба қурилмаса, бундай муаммо яна такрорланиши мумкин, – дейди у.



Хиёбон маҳалласи фуқаролар йиғини раиси Жаъфар Раҳимовнинг таъкидлашича, кўприк маҳалла аҳолиси учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга.
– Маҳалламизда қарийб 3 минг 900 нафар аҳоли яшайди. Дарёнинг нариги қирғоғида ҳам юздан ортиқ хонадон бор. Болалар мактаб ва боғчага қатнайди, аҳоли кундалик ишлари учун ушбу йўлдан фойдаланади. Ҳозир кўприкда ёриқлар пайдо бўлгани сабабли ҳаракат хавфли деб топилди ва у тўсиб қўйилди. Энди аҳоли 4-5 километр айланма йўл орқали ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда, – дейди маҳалла раиси.

Унинг сўзларига кўра, муаммо ҳақида туман ҳокимлиги ва тегишли идораларга хабар берилган. Ҳудудга келган мутахассислар кўприк ҳолатини ўрганиб чиқиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини вақтинча чеклаш бўйича қарор қабул қилган.


Яккабоғ тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Элбек Бекнаевнинг маълум қилишича, кўприкни тиклаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
– Кучли сел оқими натижасида кўприкнинг таянч қисмлари очилиб қолган ва иншоот авария ҳолатига келган. Шу муносабат билан пудратчи ташкилотлар томонидан кўприк демонтаж қилиниб, унинг асос қисми мустаҳкамлангандан кейин қайта қурилади. Ишларни яқин кунларда бошлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, дарё оқимини тартибга солиш мақсадида кўприкдан қуйироқ қисмида дамба ҳам барпо этилади. Бу ишлар бир вақтнинг ўзида амалга оширилади, – деди мутасадди.


Мутахассислар фикрича, сел оқимлари тез-тез кузатиладиган ҳудудларда бундай иншоотларни қуришда гидротехник муҳофаза чораларини ҳам комплекс тарзда амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.



Айни пайтда аҳолини қийнаб келаётган масаланинг тезкор ҳал этилиши, кўприкнинг мустаҳкам ҳолда қайта қурилиши ва дарё ўзанини муҳофаза қилиш бўйича режалаштирилган ишлар ўз вақтида бажарилиши кутилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА