Узоқни кўзлаган ҳамкорлик
“Навоийуран” давлат корхонасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Бирлашган Араб Амирликларидаги ваколатхонаси директори С.Ҳамидов ҳамроҳлигида Бирлашган Араб Амирликларининг “Emirates Nuclear Energy Corporation” миллий компанияси ёқилғи ресурсларини бошқариш бўйича вице-президенти Муҳаммад Чука бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“Навоийуран” давлат корхонаси ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув чоғида “ENEC” компанияси делегацияси билан мамлакатдаги атом электр станциялари паркини барқарор ва диверсификацияланган уран билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, меҳмонларга истиқболда ўзлаштирилиши режалаштирилаётган конлар тўғрисида маълумотлар берилган.

Музокаралар чоғида ENEC компанияси “Навоийуран” давлат корхонаси билан ҳамкорликда уранни қидириш ва қазиб олиш бўйича сармоя киритиш ҳамда ишлаб чиқарилган табиий уранни сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилди.
Ўз навбатида “Навоийуран” ДК раҳбарияти ҳам келгусида “ENEC” компанияси билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланишини билдирган.
Абдували Бўриев, ЎзА