Узоқ умр кўриш сири иммун тизимидами?
Япониянинг Осака университети тадқиқотчилари 100 ёшдан ошган инсонлар иммун тизимида ўзига хос хусусиятни аниқлади. Қон таҳлиллари уларда “CD4 CTL” деб аталадиган камёб иммун ҳужайралари одатдагидан анча кўп эканини кўрсатди. Бу ҳужайралар инсон қариб борган сари кўпайиши кузатилган.
Олимлар 28 нафар инсоннинг қон намуналарини уч ёш гуруҳи бўйича ўрганди: 70-99, 100-109 ва 110 ёшдан катталар. CD4 CTL ҳужайраларининг ўртача улуши гуруҳлар кесимида 4, 9,6 ва 17,6 фоизни ташкил этди. Ёшроқ инсонларда эса улар одатда “Т” ҳужайраларининг 5 фоизидан кам қисмини эгаллайди.
Тадқиқотчилар ушбу ҳужайралар организмда тўпланадиган эскирган ҳужайраларни йўқ қилиш ҳамда ўсмаларни назорат қилишда иштирок этиши мумкин, деб ҳисобламоқда. Шу жиҳатдан уларнинг кўпайиши соғлом қариш ва узоқ умр кўриш билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли бор. Олимлар ҳатто жуда кексайган даврда ҳам иммун тизими организмдаги ўзгаришларга мослаша олишини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, тадқиқот CD4 CTL ҳужайралари кўп бўлиши инсоннинг узоқ яшашига сабаб бўлиши ёки саратоннинг олдини олишини исботламайди. Ҳозирча фақат қонда айланаётган “Т” ҳужайралари ўрганилган. Кейинги босқичда олимлар мазкур ҳужайраларнинг инсон тўқималарида қандай фаолият юритишини текширмоқчи.
Мусулмон Зиё, ЎзА