Узоқ манзиллар сари бошланган йўллар
Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, она табиат ва инсон руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири ҳисобланади.
Дарҳақиқат, Наврўз ўзининг замин билан инсонлар ўртасидаги ўзаро боғлиқ хусусияти ила қадрлидир. Қадимдан ота-боболаримиз Наврўзни йил боши сифатида, катта шоду хуррамлик билан нишонлаб келишган, элга дошқозонларда сумалак, ҳалим, ош каби миллий таомларимиз тортилган.
Бугун кун сайин чирой очиб бораётган мустақил диёримизда Наврўз чин маънодаги қадриятларини ўзида мужассам этган ҳолда юртимизнинг барча манзилларида «Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланмоқда.
Бу йил Геология фанлари университети ҳам миллий байрамимиз – Наврўзни нишонлашга катта тайёргарлик кўрди.
– 2020 йилда Президентимиз ташаббуси билан университет ташкил этилган, – деди Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси, Геология фанлари университети ректори Бобир Исломов. – У ўзида тўртта илмий-тадқиқот институти, Геоинновацион технологиялар маркази ҳамда Давлат геология музейини жамлаган. Замонавий талабларга мос, барча қулайликларга эга Геология фанлари университети кампуси қисқа давр ичида қуриб битказилиб, шахсан давлатимиз раҳбари томонидан тантанали равишда фойдаланишга топширилиши, университетнинг республикамиз миқёсида тутган ўрни ва аҳамиятидан дарак беради. Бугунги кунда университетда 6 та таълим йўналиши ва 4 та мутахассислик бўйича кадрлар тайёрланади. Айни чоғда мазкур йўналишларда 567 нафар талаба таълим олмоқда. Уларнинг 433 нафари бакалавр, 134 нафари эса магистрдир. Айтиш керакки, бу йилги Наврўзнинг университет кампусида илмий- тадқиқот институтлари жамоаси, талабалар билан бирдамликда нишонланиши ёш университетнинг узоқ манзиллар сари бошлаган йўлида илк нишонланаётган байрамлардан саналади.
Таъкидлаш жоизки, олий даргоҳда ўтказилган миллий байрамимиз − Наврўзи олам тадбири барчага кўтаринкилик улашди. Унда сўзга чиққанлар ушбу улуғ айём ҳамда яқинлашиб келаётган Геологлар куни билан университетда фаолият олиб бораётган барча ходимлар ҳамда талабаларни муборакбод этди.
– Тадбир университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўлими томонидан ташкил этилди. Шунингдек, Маънавият ва маърифат бўлимининг баҳорий таомлар кўргазмаси, талабаларнинг миллий рақс, куй-қўшиқлари, лапар ва айтишувлари, спорт ўйинлари билан чиқишлари йиғилганларга янада қувонч бағишлади. Байрамнинг иккинчи қисмида талабалар ва университет жамоаси учун байрам дастурхони тузатилиб, ош, сумалак ва миллий таомлар тортилди. Шундан сўнг, спорт ўйинларига старт берилди, – деди Геология фанлари университети матбуот котиби Расулжон Нафасов.
[gallery-6409]
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА