Уй-жойлар нархи арзонлашиши кутилмоқда
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томнидан мамлакатимиз кўчмас мулк ва автотранспорт бозорларидаги ўзгаришлар таҳлил қилинди.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кўчмас мулкка бўлган талаб узоқ муддатли тенденцияга қайтди. Кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ошиб, маҳаллий бозорда рекордлар ўрнатиши мумкин экан. Аммо нархларнинг кескин ошиши кузатилмаган.
Келинг буни аниқ таҳлилларда кузатамиз. Жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимизда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони 20,8 мингтани ташкил этди. Бу март ойига нисбатан 2,5 фоизга, 2019 йилнинг апрель ойига нисбатан 28,1 фоизга кўп. 2020 йилнинг апрель ойида коронавирус пандемияси туфайли бу кўрсаткич 2,1 мингга тушиб кетган эди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидовнинг маълум қилишича, кўчмас мулк бозорининг 30 фоизидан ортиғи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Апрель ойида пойтахтимизда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони 6,76 мингтани ташкил этиб, март ойига нисбатан 9,5 фоизга ошган. Шу билан бирга, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 83,4 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори йиллик ўсиш суръатлари Тошкент (9,5 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз), Сирдарё (5,9 фоиз) ва Тошкент (3,3фоиз) вилоятларида кузатилди. Таъкидлаш керакки, бу кўрсаткич Сурхондарё (13,7 фоиз), Жиззах (9,9 фоиз) ва Навоий (8,4 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада камайди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида жами 1578,3 миллиард сўм ипотека кредити ажратилган. 1 апрель ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 29,4 триллион сўмни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,фоизга кўп демакдир.
Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Президентимизнинг жорий йил 11 мартидаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредит ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори уй-жойлар нархининг кескин тушишида самарасини бера бошлади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда жорий йилнинг март ойи бошидан бошланган умумий молиялаштириш қиймати 1,1 миллиард долларга тенг уй-жой қурилиши дастурининг амалга оширилиши кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, қурилиш ҳажмини оширишнинг асосий омили аҳолининг уй-жойга бўлган юқори талаби бўлиб қолмоқда. Айни вақтда уй-жой нархининг ошиши кутилмаяпти, чунки уй-жойлар квадрат метрининг нархи 4 миллион сўмдан ошмаслиги вазифаси қўйилди. Бунга арзон қурилиш материаллари билан таъминлашни йўлга қўйиш орқали эришиш режалаштирилган.
Уй-жой қурилиши дастурининг амалга оширилиши қурилиш бозорини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, пандемиядан кейинги даврда иқтисодий ривожланишга қўшимча туртки беради.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА