Устувор вазифалар муҳокамаси
Хоразмда 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Хоразмда 2014 йил якунлари ва 2015 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими П.Бобожонов бошқарган йиғилишда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоятда иқтисодий ўсиш таъминланди. Ялпи ҳудудий маҳсулот 11,7, хусусан, саноат товарлари ишлаб чиқариш 47,6, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8, қурилиш ишлари 13,1, чакана савдо айланмаси 9,3, жами хизматлар 16,4 фоизга ўсди.
Бандлик дастури бўйича 60 минг 600 иш ўрни ташкил этилди. Коллеж ва олий таълим муассасаларининг 28,1 минг нафардан зиёд битирувчиси ишга жойлаштирилди.
Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 665,3 миллиард сўм инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида 12,6 мингта янги иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбарининг “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 2013-2014 йилларда 262 саноат корхонаси ишга туширилди. Натижада ўтган йили бу соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш 1,6 триллион сўмга етказилиб, 2008 йилга нисбатан 2,3 марта ошишига эришилди.
Ҳазорасп туманининг Питнак шаҳрида “Damas” ва “Chevrolet Orlando” машиналарини йиғишга мўлжалланган линия фаолият бошлади. Урганчдаги “Урганч экскаватор” корхонаси базасида Хитой компанияси билан ҳамкорликда 18,2 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобига йиллик қуввати 200 дона гидравлик экскаватор ва бульдозерлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган, Марказий Осиёда ягона “UzХМG” қўшма корхонаси ишга туширилди. Икки юз кишини иш билан таъминлаш имконини берган ушбу корхонада ўтган йили 155 дона, бошқача айтганда, 18,4 миллион долларлик экскаватор ва бульдозер тайёрланди.
Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 365,7 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда мазкур секторнинг улуши 2000 йилдаги 34,2 фоиздан 73,9 га ўсди.
Иқтисодиётни барқарор ривожлантиришда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси муҳим омил ҳисобланади. 2014 йили вилоятда тегишли дастурлар ижроси доирасида мингга яқин шундай объект фаолияти йўлга қўйилди.
Президентимизнинг тегишли қарорларига биноан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом эттирилди. Хусусан, Урганч шаҳрида 25 кўп қаватли турар жой, 101 та 2 қаватли уй фойдаланишга топширилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Йиғилишда айрим соҳаларда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмаётгани таъкидланиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Хоразм вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.