Устоз-шогирд анъанаси ривожланади
Тадбир аввалида шу маҳаллада истиқомат қилувчи хотин-қизлар томонидан яратилган кийим-кечаклар кўргазмаси намойиш этилди.
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида ташкил этилган семинар Президентимизнинг жорий йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросига қаратилди.
Семинарда вилоят, туман ҳокимликлари, мутасадди идоралар вакиллари, тумандаги 15 та маҳалла раислари ва уларнинг тегишли масала бўйича ходимлари ҳамда Янгиқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи тикувчилик, бичувчилик фаолияти билан шуғулланадиган хотин-қизлар иштирок этди. Тадбир аввалида шу маҳаллада истиқомат қилувчи хотин-қизлар томонидан яратилган кийим-кечаклар кўргазмаси намойиш этилди.

Семинарда вилояти ҳокимининг ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ў.Мамадаминов маҳалла аёллари билан суҳбатлашиб, улар томонидан кўтарилган масалаларни тинглади.
Ўз навбатида Ў.Мамадаминов тадбирда иштирок этган аёлларга фаолиятларини кенгайтириш, устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш бўйича ўз маслаҳат ва тавсияларини берди. Уларга Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари, лавозим мажбуриятларини тушунтирди.

Тадбирда, ҳар бир маҳаллада «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим тўлиқ жорий этилиши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва профилактика инспекторларининг мустақиллигини таъминлаш, жумладан, фаолиятига асоссиз аралашмаслик ва тааллуқли бўлмаган вазифаларни юкламаслик белгиланганлиги хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоб олди.
