Устоз рассом хотирасига бағишланди
Мамлакатимизда Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан атоқли мусаввир Раҳим Аҳмедов таваллудига бағишланган хотира тадбирлари бошланди. Раҳим Аҳмедов ҳаёт бўлганида 100 ёшга тўлган бўлар эди.
Санъатшунослар фикрича, Р.Аҳмедов асарлари чукур психологик ифодалилиги билан ажралиб туради. Уларда ички кечинмалар, ҳис-туйғулар моҳирона ифодаланган. Устоз рассом ижодини асосан портретлар чизиш билан бошлаган эди. «Қаҳрамон она», «Чўпон», «Студент қиз портрети» ва бошқа асарлари шулар жумласидандир.
Рассом яратган портретлар «Она ўйлари», «Кекса колхозчи портрети», «Ўзбек қизи портрети», «Қашқадарёлик аёл», «Меҳнатда ҳам солдат», «Сурхондарёлик аёл», «Муқимий», «Нигора», «Ўрол Тансиқбоев», «Лола портрети», «Наби Раҳимов», «Шуҳрат Аббосов» каби асарлари ўзбек тасвирий санъатида портрет жанрининг ривожига катта ҳисса қўшди.
[gallery-4539]
Юртимиз манзаралари акс эттирилган картиналари натюрморт асарлари эса унинг ижодида алоҳида йўналиш саналади. Устоз рассомнинг турли касб эгалари бўлган аёллар образлари ҳам жозибалидир. Раҳим Аҳмедовнинг асарлари Ўзбекистон санъат музейи, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Шарқ халқлари санъати музейи ва бошқа музей ва галереяларда сақланади. Асарлари 1948 йилдан республика ва халқаро кўргазмаларда намойиш этилади. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган эди.
Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Раҳим Аҳмедов яшаб, ижод қилган хонадонда рассомга ўрнатилган хотира лавҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Юртимиз бўйлаб рассом ижодига бағишланган кўргазмалар, маърифий тадбирлар кенг кўламда бўлиб ўтмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА