Устоз меҳнати — таълим натижасида намоён
Гулистон туманида таълим соҳасида самарали меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларнинг касб байрами муносабати билан уларга эҳтиром кўрсатилди. «Озода» тантаналар саройида ўтказилган тадбирда педагогларнинг фидокорона меҳнати эътироф этилиб, фаол устозларга эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбирда туман ҳокими Олимжон Жўраев, умумтаълим мактаблари директорлари, мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари, фахрий ўқитувчилар, халқ таълими фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Туман ҳокими устоз ва мураббийларни касб байрами билан табриклаб, таълим сифати, ёш авлод тарбияси ва уларнинг келажакда муносиб ўрин эгаллашида педагогларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Бугун Гулистон туманида 33 та умумий ўрта таълим мактабида 13 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларда 1200 дан ортиқ педагог фаолият юритмоқда. Ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятини ривожлантириш мақсадида мактабларда 900 дан зиёд тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларга қарийб 12 минг нафар ўқувчи жалб қилинган.

Тўгараклар фан, ижод, мусиқа, спорт, IT ва китобхонлик йўналишларини қамраб олган. Бу эса таълим жараёнини дарслар билан чеклаб қолмасдан, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Туманда мактабгача таълим қамровини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 3–7 ёшли 7721 нафар боланинг аксарияти мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ва оилавий мактабгача таълим ташкилотлари тармоғининг кенгайиши қамров кўрсаткичларини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Таълим сифати, аввало, педагогнинг салоҳияти ва маҳоратига боғлиқ. Шу боис туманда ўқитувчи ва раҳбарларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Қатор умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари менежерлик курсларини муваффақиятли тамомлаган.
Мактабларда замонавий таълим талабларига мос шароит яратиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Теракзор маҳалласидаги 32-сонли мактаб ҳудудида янги спорт зали қурилмоқда. 6- ва 27-сонли мактаблар ҳамда Аҳиллик маҳалласидаги 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Устозларнинг меҳнати эса муносиб эътироф этилмоқда. Жорий йилда 5-сонли мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Хабиба Ҳазратқулова «Халқ таълими фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, 1-сонли мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси Элёр Мингжигитов , 2-сонли мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Акмалжон Абдувахобов , 7-сонли мактабнинг физика фани ўқитувчиси Нуриллохон Тўраев , 8-сонли мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Достонбек Авазбеков ҳамда 31-сонли мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси Умида Хусанбоевалар «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонига сазовор бўлишди.

1-сонли умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Сайёра Эшбекова эса «Йил ўқитувчиси» танловининг республика босқичида фахрли ўринни эгаллади.
Бу натижалар замирида ҳар куни синф хонасига кириб, ўқувчига билим бериш билан бирга унинг қобилиятини кашф этиш, тўғри йўл кўрсатиш ва келажакка ишончини мустаҳкамлашга интилаётган устозларнинг машаққатли меҳнати мужассам.

Байрам тадбирида ана шундай фидойи педагоглар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари, фахрий устозлар ҳамда таълим соҳасида намуна кўрсатаётган ходимлар муносиб рағбатлантирилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида вилоят ва туман санъаткорлари, хонанда ва созандалар ҳамда рақс жамоалари иштирок этиб, йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Устоз ва мураббийлар кунига бағишланган тадбир таълим соҳасида меҳнат қилаётган инсонларга билдирилган ҳурмат ва эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири