Устоз композитор ижодига бағишланди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли композитор, устоз ижодкор Мустафо Бафоев таваллудининг 75 йиллигига бағишланган мусиқий кеча бўлиб ўтди.
Кечада таъкидланганидек, мамлакатимизда ижодкор зиёлиларни фаол қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш, эъзозлаш масаласи маънавий-маърифий жабҳаларда олиб борилаётган янгиланиш жараёнларида устувор ўрин эгаллайди.
Мустафо Бафоев миллий мусиқа санъатимизнинг билимдони, фидойиси, мазкур соҳага ўз умрини, борлиғини бахшида этган инсон сифатида халқимиз меҳрини қозонган.
Композитор мусиқанинг турли шакл ва жанрларида жозибали, оҳангдор мусиқий асарлар яратиб келмоқда. Талабалик даврида «Широқ афсонаси» симфоник поэмаси, «Байрам увертюраси», труба учун концерт-рапсодияси, шунингдек, пьеса, сонатина, соната, поэма, скерцоларни яратди.
М.Бафоевнинг тантанавор руҳдаги асарлари республикамиз ва хорижий мамлакатларда ўтказилган фестиваль ва симпозиумлар концерт дастурлари, санъат байрамларида мунтазам янграйди. Мирзо Улуғбек таваллудининг 650 йиллигига бағишланган концертда «Улуғбек буржи» телебалети, Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган концерт дастурида «Куй ва қўшиқлар туркуми», Францияда Ўзбекистон кунларига бағишланган тантанали тадбирда “Буюк ипак йўли” мусиқий-спектакли шулар жумласидан.
Устоз композитор мамлакатимизнинг етакчи театр жамоаларидаги энг сара спектаклларга мусиқий асарлар яратгани унинг серқирра ижодкор эканидан дарак беради.
Композитор симфоник ва вокал-симфоник жанрларида самарали ижод қилиб, оркестр ва хор жамоаларини асарлари билан бойитишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Санъат фидойиси мусиқанинг турли йўналишларидаги кўплаб асарлар, қўшиқ ва романслар басталаган. Бир қатор қўшиқлари “Ўзбекистон - Ватаним маним” кўрик-танловларида совринли ўринларни эгаллаган. Асарлари республика миқёсида ўтказиладиган давлат тадбирлари, фестивалларда баралла янграб келади.
Унинг мусиқий асарлари АҚШ, Германия, Италия, Япония, Туркия, МДҲ давлатларидаги фестиваль ва концертлар, мусиқий анжуманларда муваффақиятли ижро этилган.
2020 йилда Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра, устоз санъаткорнинг фаолияти алоҳида эътироф этилиб, "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрилди.
Мусиқий кечада устоз композиторнинг олим, педагог, мусиқашунос, миллий адабиётимиз билимдони сифатидаги фазилатлари хусусида батафсил сўз юритилди.
Унинг асарларидан иборат катта мусиқий гулдаста мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири