Устахонага яширинган машина топилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилояти бошқармасининг Чуст тумани бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор М.Ш. дан ундирувчи “Капиталбанк” Наманган филиали фойдасига 160 миллион 270 минг 177 сўм кредит ва 6 миллион 410 минг 807 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздордан ундирувчи “Apex insurance” акциядорлик жамияти суғурта ташкилоти фойдасига ҳам 10 миллион 557 минг 360 сўм қарз ундириш ҳамда 442 минг 394 сўм давлат божи ундириш кўрсатилган.
Шунингдек, мазкур транспорт воситаси ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилган ва тўланмаган 43 та маъмурий жаримаси ҳам иш юритувига келиб тушган. Умумий қарздорлик 185 миллион 401 минг 719 сўмни ташкил этган. Мазкур қарздорликни ундириш мақсадида давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар олиб борилган. Яъни, қарздорнинг суд қарорида кўрсатилган яшаш хонадони холислар ҳамда маҳалла вакиллари иштирокида ўрганилганда, бу манзилдан кўчиб кетганлиги аниқланган. Қарздорга тегишли “Lacetti” автомобилига қидирув эълон қилинган.
Амалга оширилган ижро ҳаракатлари давомида яқиндагина, қарздорга тегишли автотранспорт воситаси таъмирлаш устахонасидан топилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.