«Усмон Носир» — ёлғонлардан холи роман
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида таниқли адабиётшунос Наим Каримовнинг «Усмон Носир» маърифий-биографик романи тақдимоти ўтказилди.
Китоб Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан чоп этилган. Наим Каримовнинг узоқ йиллар давомида жамлаган маълумотлари, аввал чоп этилган китоблари тўпланиб, роман бойитилган ва қайта нашр этилган.
Профессор олимлар, ёш тадқиқотчи ва Усмон Носир ихлосмандлари иштирокидаги тадбирда адабиётшунос олим Абдулла Улуғов, Отабек Жўрабоев, ёзувчилар Холиёр Сафаров, Жавлон Жовлиев ва бошқалар Наим Каримов фаолияти, янги чоп этилган китобнинг ёзилиш тарихи ҳақида сўзлаб берди.

– Устоз Наим Каримов ижодидан болаликдан меҳр қўйганман, – дейди ёзувчи Жавлон Жовлиев. – Эсимда, қишлоқ кутубхонасида устознинг «Чўлпон» номли романини ўқиб, шоир Чўлпонга ва адабиётга меҳрим ошган. Йиллар ўтди. Талабалик йилларимизда Наим Каримов билан учрашув уюштирилди. Ҳамма савол берди. Мен олимнинг тиригини кўрганимдан хурсандлигимни айтганимда, бутун зал кулиб юборган эди. Ҳақиқатдан ҳам Наим акадек фидойи олим билан бир даврда яшаётганимиздан фахрланишга арзирли нарса. Уч йил давомида илмий ишимни ёзиш асносида устоз билан ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Яқин кунларда ҳимояси ўтказиладиган илмий ишимнинг нимаики ютуғи бўлса, устознинг ҳиссаси катта. Усмон Носирга бағишланган драманинг ёзилишида ҳам устоз Наим Каримовнинг шу романи туртки бўлган. Юрагимни ларзага келтирган, уни бир кунда ўқиб бўлиб, кейин драма ёзишга киришганман. Саҳна асарига Усмон Носирнинг сўнги кунларига бағишланган ҳақиқатларни киритганман. Ишонаманки, янги китоб Усмон Носир ҳақида фильмлар, саҳна асарлари яралишига туртки бўлади.

Китоб «Фан» нашриётидан Муҳаммадали Мамадалиев муҳаррирлигида минг нусхада чоп этилган. Тадбир сўнгида иштирокчилар учун музейга саёҳат уюштирилди. Музей экспонатлари билан таништирилди.
Д.Маматова, ЎзА