Ҳушёрлик, сезгирлик – асосий омил
Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида истиқлол йилларида мамлакатимизда мутлақо янги тизим – жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган миллий божхона хизмати шакллантирилди.
Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида истиқлол йилларида мамлакатимизда мутлақо янги тизим – жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган миллий божхона хизмати шакллантирилди. Тизимнинг моддий- техник базасини мустаҳкамлаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётир.Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 10 августда қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Қарорга биноан мамлакатимиз ҳудудига контрабанда товарларининг ноқонуний йўллар билан кириб келишига йўл қўймаслик, божхона тўловларини ўз вақтида ундириш, тизимга самарали божхона назоратини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Замонавий ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини енгиллаштириш, божхона назоратини соддалаштириш имконини бермоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона комплекслари ва постларининг ягона ахборот тизими режимида фаолият кўрсатишини таъминлаш, божхона назорати остидаги товарлар бўйича ахборотни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш каби технологик жараёнларнинг автоматлаштирилган тизими йўлга қўйилди.
Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида чегара ҳудудларида, божхона чегара постларида божхона назоратини таъминлаш, товар ва транспорт воситаларини божхона кўригидан ўтказиш, умуман, божхона хизмати билан боғлиқ барча ишлар белгиланган тартиб доирасида олиб борилаётир.
– Жорий йилнинг олти ойи давомида контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари, шунингдек, мамлакатимизга ноқонуний тарзда товарлар олиб кирилиши ва чиқиб кетиши бўйича мингдан ортиқ ҳолат аниқланди, – дейди вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Равшанбек Алимов. – Ушлаб қолинган товарларнинг умумий қиймати 2 миллиард 86 миллион сўмни ташкил этди. Юқоридаги ҳолатлар юзасидан қоидабузарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилди.
Бошқарма томонидан чегара ҳудудлари орқали товар-моддий бойликлар ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш борасида туман, шаҳар ҳокимликлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Хўжаобод туманининг Манак, Янги Фарғона, Тўраобод, Қўрғонтепа туманининг Савай, Пахтаобод туманининг Маданият, Тошқўрғон маҳаллаларида шундай учрашувлар ўтказилди.
– Учрашувлар чегара ҳудуди аҳолиси, айниқса, ёшларнинг чегара қонунчилиги ва бошқа ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Хўжаобод туманидаги “Тўраобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Миробид Қодиров. – Тушунтириш ишлари ўз самарасини бермоқда.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилаётган учрашувлар, “Очиқ эшиклар куни”да божхона қонунчилигига киритилаётган ўзгартишлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, яратилаётган қулай шарт-шароит ҳамда имтиёзлар хусусида тушунтиришлар берилмоқда. Тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун амалий ёрдам кўрсатилаётир.
Бир сўз билан айтганда, вилоят божхона бошқармаси томонидан юртимиз тинчлиги, хавфсизлиги, озод ва обод Ватанимиз равнақи йўлида, тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрамининг кўнгилдагидек ўтишини таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.