Уруш йилларини эсласам, юрагим эзилади
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон урушининг халқимиз қалбида қолдирган унутилмас жароҳатини бугунги дориламон кунларгача етиб келган уруш қатнашчилари сиймосида яққол англаш мумкин. Урушнинг илк кунлариданоқ фронтга сафарбар этилган отахонлар билан суҳбатлашсангиз тинмай тинчликни асраш ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш ҳақида гапиради.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳам бу йил 78 йил тўлади. Орадан ойлар, йиллар ўтиб, бу жангу жадал бошланган ва якунланган саналар биздан тобора узоқлашмоқда. Лекин урушнинг инсоният қалбига қолдирган жароҳати ҳеч қачон битмайди. Фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга кўплаб халқлар қатори, ўзбек халқи ҳам катта ҳисса қўшган. Ўша пайтда юртимизда 6 миллион 900 минг нафарга яқин киши истиқомат қилган бўлса, улардан тахминан 2 миллионга яқини урушга сафарбар этилган. 500 мингдан ортиқ ватандошимиз уруш майдонларида қурбон бўлган.
Фашизм балосига қарши курашда 13 минг нафар қашқадарёлик қатнашди ва уларнинг ярмидан кўпи омон қайтмади. Ҳозир вилоятда уларнинг 10 нафаригина, яъни Қарши шаҳридан Вера Носирова ва Аҳмад Жалилов, ғузорлик Энназар Ҳасанов, қамашилик Рўзибой Сатторов, касбилик Эрка Назаров ва Хайрулло Шерматов, нишонлик Рўзи Соатов, чироқчилик Жўра Ядгаров, Шаҳрисабз туманидан Сайдулло Жабборов ва Шаҳрисабз шаҳридан Омон Бобоев биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилмоқда. Не-не азобларни кўрган бу чеҳраларга боққан киши ҳаётни янада ардоқлагиси, меҳр-мурувват, кўнгилларга шодлик улашгиси келади.
Яқинда нишонланган Рамазон ҳайити ва 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида бу нуронийлар хонадонидан йўқлаб келувчилар қадами узилмаяпти.
Шу кунларда ўзининг 113-баҳорини қаршилаётган, нафақат Манғитнинг, балки Қамаши туманининг энг кекса отахонларидан бири, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рўзибой бобо Сатторов ёшларга насиҳат қилишдан чарчамайди. 8 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган, невара-эвараю, чевараларнинг меҳрибон ва насиҳатгўй бобоси Сатторовнинг хонадони байрам арафасида тўйхонага айланиб кетди. Туманнинг барча даражадаги раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, мактаб ўқувчилари ташриф буюрди.
– Отам меҳнаткаш, самимий инсон, – дейди Рўзибой отанинг кенжа фарзанди Абдурасул Сатторов. – Шундай қалбидарё инсоннинг фарзанди эканимдан фахрланаман. У кишининг ўгитларига монанд яшаб кам бўлмаяпмиз. Ака-опаларим ҳаммаси ўзларидан тиниб-тинчиб кетган. Отам жуда бақувват, ишлаб чарчамайдиган, тиниб-тинчимас инсон эди. Афсуски, коронавирусдан сўнг анча чарчаб қолди.
Рўзибой Сатторов урушнинг биринчи кунлариданоқ фронтга сафарбар этилган. Россия, Украина ва Белоруссиядаги бир қатор шаҳарларни, Европа мамлакатларини фашист газандаларидан озод қилишда иштирок этган. Шу орада оёғидан яраланиб, госпиталда даволанган. Тузалгач эса яна жангга қайтиб, ғалабани Германияда кутиб олди. Урушдан сўнг жонажон қишлоғига қайтиб келганида қишлоқ аҳли ночор аҳволда эди. Кўпчилик эркаклар урушга кетиб қайтиб келмаган, ҳамма иш кексалар, аёллар ва ёш болалар зиммасида эди. Рўзибой Сатторов уруш асоратларини тугатишга астойдил бел боғлаб ишга киришиб кетди. Ўша оғир ва машаққатли йилларда колхозда меҳнат қилди.
– Ҳаёт йўлларим анчайин машаққатли кечган, – деб эслайди бобо. – Ўша манфур уруш йилларини эсласам, ҳали-ҳануз юрагим эзилади. Очлик, ночорлик, одамлар кўзларидаги талваса-қўрқинч. Ҳар сонияда бошингда соя солиб турган ўлим шарпаси хотирамда бир-бир тикланиб, даҳшатга солиб туради. Урушдан кейинги қийинчиликлар ҳам кўп бўлди, ҳаммаси ортда қолди. Бобо гапиришдан чарчаб, кўзларини оҳиста юмади. Қатор орден ва медаллар билан тақдирланган, қадр-қиммати, шаъни улуғланаётган юртда, яқинлари ардоғида яшаётган Рўзибой бобо Сатторов бугунги дориломон кунларга етказганига шукр қилади.
[gallery-11604]
Чиндан ҳам, айни дориломон кунлар, диёримиздаги файзу барака ҳамда ободлик ана шу кексаларимизнинг кўп йиллар олдинги саъй-ҳаракатлари ва пок ниятлари, бугунги дуолари самараси эмасми?! Чунки бу табаррук инсонлар ҳар тонг, ҳар лаҳза юртимизда тинчлик-осойишталик, фаровонлик, тўкин-сочинлик бўлишини тилайди. Биз эса уларнинг мазмунли ҳаётидан ибрат олишимиз лозим.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА