Уруғлик картошка етиштиришда замонавий агротехнологиялар самара бермоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани Қиронтов овули ҳудудида жойлашган Дон ва шоли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг тажриба дала майдонида уруғлик картошка етиштириш бўйича илмий-амалий ишлар муваффақиятли олиб борилмоқда.
Мазкур тажриба майдонида уруғликни кўпайтириш мақсадида 6 гектар ерга Беларусь Республикасидан келтирилган «Манифест» ва «Першацвет» навли картошка экилган. Экинлар томчилатиб суғориш технологияси асосида парвариш қилиниб, мазкур усулнинг самарадорлиги амалиётда синовдан ўтказилмоқда.
Ўз вақтида амалга оширилган суғориш, сифатли уруғликдан фойдаланиш, шунингдек, зараркунанда ва касалликларга қарши агротехник тадбирларнинг изчил бажарилиши юқори ҳосилдорликка эришиш имконини бермоқда.
[gallery-30587]
Ҳозирги кунда тажриба майдонида ҳар гектардан 30 тоннадан ортиқ картошка ҳосили олинмоқда. Бу натижа замонавий томчилатиб суғориш технологияси, илғор агротехник ёндашувлар ҳамда мутахассисларнинг самарали меҳнати самараси ҳисобланади.
Мазкур тажриба келгусида уруғлик картошка етиштиришда сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш учун муҳим амалий асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА