Уруғлик доннинг дориланиши ва сақланиши назоратда
Сифатли уруғлик дон келгуси йил мўл ҳосил олишда муҳим. Айни пайтда 2023 йил ғалла ҳосили учун жамғарилган уруғликларни қайта ишлаш, сифатли, дориланган ва сертификатланган уруғлик дон тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди.
Ҳозирда “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мазкур йўналишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Вилоятда 2023 йил ҳосили учун 92 та уруғлик ғалла етиштирувчи хўжаликлар томонидан қабул масканларига 10 минг 244 тонна сара уруғ етказиб берилди. Жумладан, “Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятининг 1- ва 2-уруғлик тайёрлаш цехларида 9 минг 808 тонна ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат корхонаси тасарруфида ташкил қилинган “Navoiy Best Seeds” масъулияти чекланган жамиятида 435 тонна уруғлик дон қабул қилинди. Ҳозирги кунда “Навоийдонмаҳсулотлари” АЖда донни саралаб, тозалаш ва дорилаш ишлари бошланган.

Маълумки, уруғлик маҳсулотни аралашмалардан тозалаш турли конструкцияли уруғлик тозалаш машиналарида амалга оширилади. Бунда дон тозалаш машиналарини O’zDSt 2823 уруғлик дон стандартининг талабларига жавоб берувчи ва уруғлик дон шикастланишига йўл қўймайдиган даражада ишлатиш лозим.
Бошоқли дон уруғлари экишга тайёрлашдан олдин кимёвий препаратлар билан дориланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тавсия этилган уруғ дорилагичлардан фойдаланилади.
Бугунги кун ҳолатига 2 минг 684 тонна уруғлик дон стандарт талаблари асосида тозаланиб, дориланди ва қадоқлаш ишлари амалга оширилди.

– Дориланаётган уруғлик тозаланган, сараланган, экиш сифат кўрсаткичлари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаби даражасида бўлиши керак, – дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси бош инспектори Асқар Мирзаев. – Бошоқли дон уруғларини пуркаб дорилаш мосламаларининг яхши ва бир текисда ишлаши таъминланиши зарур. Шунингдек, дориланган бошоқли дон уруғлари қоплангандан кейин 7-10 кун муддатда омборларда сақланиши шарт. Бундан ташқари, дориланган бошоқли дон уруғлари қадоқланаётган қоплар кимёвий воситалар ўтказмайдиган мустаҳкам, сифатли материаллардан тайёрланиши, ортиш ва тушириш пайтида чидамли бўлиши ҳамда қоплар оғзини тикиш ишлари механик равишда амалга оширилиши талаб этилади. Дориланган уруғлик дон қопларига “Заҳарли модда билан дориланган” огоҳлантирувчи сўзлари қизил рангда аниқ акс эттирилган ҳолда ёзилиши шарт.
Қопланган уруғлик дон ГОСТ 14192 бўйича белгиланади ва ҳар бир қоп устига ёрлиқ ёпиштирилади.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан уруғлик цехларида мазкур талабларга риоя этилиши устидан доимий мониторинг ташкил этилган. Уруғлик доннинг сифатли тозаланиши, сараланиши ва дориланиб қадоқланишига асосий эътибор қаратилган. Шу билан бирга аниқланган камчиликларни вақтида бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА