Унутилган Зиёратгоҳ (+видео)
Юртимиз ўзининг тарихий обидалари, қадимий ёдгорликлари, бой маданий мероси билан дунё ҳамжамиятини доимо қизиқтириб келган. Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ҳамда тарихий зиёратгоҳлари кўплиги бўйича етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Ҳозирги кунда юртимизда турли даврлар ва цивилизацияларга оид 7 мингдан ортиқ ёдгорлик бор. Уларнинг ҳар бири ўзига хос маҳобати ҳамда улуғворлиги билан ажралиб туради.
Самарқанд вилояти, Ургут тумани Почвон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ғойиб ота” зиёратгоҳи ҳам ана шундай муқаддас даргоҳлардан бири ҳисобланади. Ушбу табаррук гўша ҳақида бир нечта ривоятлар мавжуд. Улардан бирида келтирилишича, бу ёдгорликка қадимда қаердандир фуқароларни касалликлардан фориғ қиладиган инсон келиб шу атрофда яшаган. Жуда кўплаб касалликларни даволаб, тузатган. Охирида мана шу тепаликка келиб, мўйсафид ғойиб бўлган. Шундан сўнг ушбу манзилга “Ғойиб ота” номи берилган.
Бугунги кунга келиб "Ғойиб ота" ёдгорлиги зиёратгоҳга айланиб кетган. "Ғойиб ота" зиёратгоҳини нафақат маҳаллий, балки қўшни республикалардан ҳам меҳмонлар келиб, ихлос қилиб, яхши ниятда зиёрат қилишади.
Зиёратгоҳни кўздан кечирар эканмиз, унда жойлашган бино ва масжиднинг алоҳида эътиборга, таъмирталаб эканлигига гувоҳ бўламиз. Зиёратгоҳнинг асл ҳолати ҳақида ушбу маскан имоми батафсил маълумот бериб ўтди. Унинг сўзларига кўра, масъуллардан кўп нарса сўралмаган, бор-йўғи катта йўлдан зиёратгоҳгача бўлган манзилни асфальт қилиш сўралмоқда халос...
Маълумотлар билан танишадиган бўлсак, Маданий мерос агентлигининг ҳисоботига кўра, 2022 йил давомида 68 та объектда пудрат ишлари амалга ошириш учун 106,7 млрд сўмлик шартномалар расмийлаштирилган. Шундан 79,8 млрд сўм ўзлаштирилганлиги аниқланган.
Ажратилган мақсадли маблағлар ўз манзилига етиб борсагина, биз ана шундай бой тарихга эга зиёратгоҳларимизни асраб қолишимиз мумкин бўлади. Биз танишган "Ғойиб ота зиёратгоҳи" ҳам масъуллар назаридан четда қолмайди деб умид қиламиз.
Бу ҳақда батафсил ЎзАнинг “YouTube” каналида танишишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kjYSShnLk_Q" title="Унутилган Зиёратгоҳ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Н. Абдувоҳидов, Ё. Мелибоев (видео), ЎзА