Университетлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Навоий давлат университетида Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломурадов билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда олий таълим тизимида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик мобиллигини ривожлантириш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжатда қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион тадқиқотлар ҳамда стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинувини кенгайтириш, малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурларини ташкил этиш, шунингдек, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича изчил ҳамкорлик кўзда тутилган.

Шунингдек, меморандумда сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, суғориш тизимларини модернизация қилиш, сувни тежаш, ҳисоблаш ва бошқариш соҳаларига инновацион ечимларни жорий этиш бўйича қўшма илмий-амалий ҳамда ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга сунъий интеллект, робототехника ва рақамли технологияларни қишлоқ хўжалиги соҳасига татбиқ этиш, мазкур йўналишларда мутахассислар малакасини ошириш, илғор тажриба ва экспертизани ўзаро алмашиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.
Учрашув давомида Навоий давлат университети ректори, профессор Муҳиддин Калонов университетнинг барпо этилаётган янги замонавий кампус қурилиши, унинг концепцияси ва истиқболли лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.
А.Бўриев, ЎзА